
«Навоиуран» давлат корхонаси 2025 йилнинг январь-сентябрь якунларига кўра 3,7 трлн сўм (МБнинг жорий курси бўйича қарийб 308 млн АҚШ доллари) миқдорида соф фойда кўрсатди, бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 28,6%га кўп. Бу ҳақда KAP Depo инвестиция компанияси хабар берди.
2025 йил учинчи чоракда корхона фойдаси 149,2%га ошиб, 1,9 трлн сўмга етди.
2025 йилнинг 9 ойи давомида «Навоиуран» 10,6 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарди, бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 37,7%га кўп. Давлат бюджетига солиқлар ва дивидендлар кўринишида 3,8 трлн сўм тушум тушди.
Компания маълумотларига кўра, харажатларни оптималлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг таннархини 381,6 млрд сўмга камайтириш имконини берди.
Активлар 73,5%га ошиб, 16,4 трлн сўмга етди. Тақсимланмаган фойда 9 трлн сўмни (+35,4%) ташкил этди.
2024 йилда корхона 11,7 трлн сўм даромад олган, соф фойда эса 5,99 трлн сўмни ташкил этган (кўрсаткичлар икки баробардан кўпроққа ўсган).
2025 йил июнь ойида «Навоиуран» Лондон фонд биржасида 300 млн долларлик, муомала муддати 5 йил ва купон ставкаси 6,7% бўлган еврооблигацияларни жойлаштирди. 2026 йилнинг иккинчи ярмида IPO (акцияларни бирламчи оммавий жойлаштириш) режалаштирилган: компания акцияларининг 10–15 фоизи халқаро ва маҳаллий фонд бозорларига жойлаштирилади.
Даромаднинг ўсиши уран нархининг рекорд даражада ошиши билан мос келди – сентябрь охирида COMEX биржасида бир фунт учун 83,45 долларгача (бугунги кунда у 77 доллар атрофида сотилмоқда). Бу инвестиция фондларининг фаоллиги ва ядро ёқилғисига бўлган талабнинг ўсиши кутилаётгани билан боғлиқ. Бундан ташқари, АҚШнинг уран захираларини ошириш ва атом энергетикасини ривожлантириш бўйича стратегик режалари бозордаги ижобий кайфиятни кучайтирди.
World Nuclear Association маълумотларига кўра, атом энергетикаси учун глобал уранга бўлган талаб 2030 йилга келиб 28%га ошиши мумкин, бу эса нархларнинг янада ўсиши учун шароит яратади.
Корхона халқаро кредит рейтингини янгилаш босқичида ҳам: 2025 йил июль ойида Fitch Ratings томонидан рейтинг «BB/барқарор» даражасига кўтарилди, ноябрда эса S&P Global Ratings томонидан баҳони қайта кўриб чиқиш кутилмоқда.

