Навоий вилоятида 104 млрд сўмлик криптоактивларнинг ноқонуний айланмасида гумонланувчилар қўлга олинди

Навоий вилоятида криптоактивлар билан ноқонуний айланма ва йирик миқдордаги операциялардан даромад олиш билан шуғулланган гуруҳ фош этилди, дея хабар берди ИИВ Киберхавфсизлик маркази матбуот хизмати.

Идора маълумотларига кўра, 1990, 1993, 1998 ва 1999 йилларда туғилган фуқаролар бошқа шахслар номига расмийлаштирилган банк карталарини OnePayments ва P2P Trade иловаларига юклаб, жами 104 миллиард сўм миқдоридаги криптоактивларни айирбошлашган.

Тезкор тадбирлар давомида 68 та пластик карта, 12 та мобил телефон, 8 та SIM-карта ва 2 та компьютер қурилмаси олиб қўйилди. Ҳозирда терговга қадар текширувлар олиб борилмоқда.

2025 йил сентябрь ойида Тошкентнинг Яшнобод туманида 180 миллиард сўмдан ортиқ криптоактивларнинг ноқонуний айланмаси учун бир гуруҳ шахслар қўлга олинган эди.