Навоий шаҳрида Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг матбуот хизмати хабарига кўра, ЙҲХ инспектори хизмат вазифасини бажариш чоғида автомашина уриши натижасида вафот этган.
Ушбу ҳодиса 19 январь куни соат 01:45 да Ислом Каримов кўчасида содир бўлган. ЙҲХ инспектори Жасуржон Муҳаммадов ЙҲҚни бузган ҳолда ҳаракатланиб келаётган давлат рақами бўлмаган Kia Sonet русумидаги автомашина ҳайдовчисини тўхтатиш учун ишора қилган.
Ҳайдовчи буйруққа бўйсунмасдан қарши ҳаракат йўлига чиқиб, ЙҲХ инспекторини уриб юборган ва ҳодиса жойидан қочиб кетган. Инспектор воқеа жойида вафот этган.
Тергов давомида автомашинани 2008 йилда туғилган С.М. бошқарганлиги, машина эса унинг отасига тегишли эканлиги аниқланди. Йигит автомашинани яширган, лекин у топилиб, жарима майдонига қўйилган.
Жасуржон Муҳаммадов 1993 йилда туғилган. Ундан икки нафар фарзанд қолди. У 2017 йилдан буён ички ишлар органларида фаолият юритган.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабар беришича, ёш йигитга нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) ва 117-моддаси (хавф остида қолдириш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.