
2025 йил 19 июль куни эрталаб ижтимоий тармоқларда Навоийда тутун борлиги ҳақида хабарлар ва видеолар тарқалди. Аҳоли шаҳарда нафас олиш қийин бўлаётганини маълум қилди. Сабаб шаҳар яқинидаги «Навоийазот» заводидаги чиқиндилар бўлиши мумкинлиги ҳақида тахминлар пайдо бўлди.
«Ҳид жуда ўткир, йўталга сабаб бўлади, нафас олиш деярли имконсиз. Охирги пайтларда бу тез-тез такрорланмоқда. Биз фарзандларимизнинг саломатлигидан жиддий хавотирдамиз. Бу заҳарли тутунда яна қанча яшашимиз кераклигини билмаймиз», — дея Kun.uz нашри аҳолидан бирининг сўзларини келтирди.
«Навоийазот» компанияси бир неча соатдан сўнг содир бўлган ҳодиса завод билан боғлиқ эмаслигини маълум қилди. Улар 2025 йил 13 июль куни ҳам худди шундай ҳолат қайд этилганини таъкидлади.
«Ғарбий томондан (Навоий халқаро аэропорти томонидан) ҳавога кўтарилган чангсимон тутун корхона ҳудуди ва унинг атрофидан шамол йўналиши бўйича ўтиб, сўнг бутун шаҳарга тарқалган», — дейилади хабарда. Тасдиқлаш учун компания видео эълон қилди, унда тутуннинг корхона ҳудудидан тахминан соат 6:00 дан 7:00 гача ўтаётгани яққол кўринади.
«Навоийазот»нинг хабар беришича, атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар миқдори белгиланган меъёрлардан ошмаслигини назорат қилиш учун 3, 23 ва 25-сонли ишлаб чиқариш участкаларига учта автоматик газ анализатори ўрнатилган. Яна иккита стационар пост санаторий-профилакторий ва компаниянинг маъмурий биноси ҳудудида жойлаштирилган. Бундан ташқари, 3-сонли цехнинг гранулалаш минорасида чиқиндиларни тутиб қолиш мақсадида битта скруббер, 23-сонли цех минорасида эса тўртта скруббер ўрнатилган.
«Корхона ҳудуди ва атрофдаги ҳудудларни назорат қилиш учун 500 дан ортиқ замонавий видеокузатув камералари ўрнатилган. 120 м баландликда ўрнатилган ва радиуси 10-15 км гача бўлган камераларнинг видеоёзувларига кўра, 13 июль ва 19 июль кунлари кузатилган атмосфера ифлосланиши ҳолатлари корхона фаолияти билан боғлиқ эмаслиги аниқланган», — дея таъкидлади компания.
2025 йил 21 июль куни эрталаб Навоий ва унинг атрофида яна «чангсимон тутун» пайдо бўлганини «Навоийазот» маълум қилди.
«Содир бўлган ҳодисанинг корхона фаолияти билан боғлиқ эмаслигини исботлаш мақсадида, „Навоийазот“ аммиакли селитра ишлаб чиқариш цехи ҳудудига зудлик билан қўшимча кузатув камераси ўрнатилди. Видеоёзувларда чангсимон тутун манбаи собиқ Навоий электрокимё заводи жойлашган ерда, яъни ҳозирда бошқа саноат объектлари жойлашган жойда эканлиги аниқ кўринади», — дея баёнот берди «Навоийазот».
«Яна бир бор расман баёнот берамиз: „Навоийазот“ АЖ ҳавонинг чангсимон тутун билан ифлосланишига ҳеч қандай алоқаси йўқ», — дейилади компания хабарида.
Экология бошқармасининг баёноти
2025 йил 20 июль куни кечқурун вилоят экология бошқармасининг хабар беришича, 19 июль куни соат 7:00 дан 9:00 гача бошқарманинг аналитик лабораторияси ва «Навоийазот»нинг санитар лабораторияси корхона ҳудудида таҳлиллар ўтказиб, атмосфера ҳавоси таркибини ўрганган.
Ушбу даврда «Навоийазот» атрофидаги атмосферада ва саноат зонасида аммиак миқдори рухсат этилган меъёрдан 1,4 баробар, водород сулфид эса 16,8 баробар ошган.
Бундан ташқари, Навоий вилояти Гидрометеорология бошқармаси лабораторияси маълумотларига кўра, биринчи кузатув пунктида (Зулфия кўчаси) ис гази миқдори меъёрдан 1,04 баробар, аммиак эса 1,1 баробар ошган. Иккинчи пунктда (Меъморлар кўчаси) аммиак миқдори рухсат этилган кўрсаткичлардан 1,2 баробар ошган.
Бошқарма ҳаво ифлосланиши сабабларини аниқлаш учун «Навоийазот» корхонасида текширув ўтказишини маълум қилди.

