Навоийда собиқ рафиқаси ва унинг ота-онасини юк машинасида уриб ўлдирган эркак умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Навоий вилоятида собиқ рафиқаси, қайнотаси ва қайнонасини атайлаб юк машинасида уриб юбориб ўлдирган эркак умрбод озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Milliy телеканалининг «Millar» дастури хабар берди.

Судланувчи 41 ёшли фуқаро Томди туманидаги фермер хўжаликларидан бирида ҳайдовчи бўлиб ишлаган. У ўзига бириктирилган HOWO H5X русумли юк машинасида чорва моллари учун сув ташиган.

Иш материалларига кўра, эркак 2008 йилда турмуш қурган, оилада 3 нафар фарзанд туғилган. Эр-хотин аввал Зарафшонда яшаган, сўнг Томди тумани Шарқ қишлоғидаги хотинига тегишли бўлган дала ҳовлига кўчиб ўтган. Бироқ доимий низолар туфайли 2021 йилда ажрашишган.

Зарафшон туманлараро фуқаролик судининг 2024 йил 20 декабрдаги қарори билан эркак уйни бўшатиши шарт қилиб белгиланган. Ушбу қарорни ижро этиш учун 2025 йил 17 март куни Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ходимлари воқеа жойига етиб борган. У ерда собиқ рафиқа, унинг ота-онаси ва ижрочилар бўлган.

МИБ ходимининг кўрсатмасига кўра, у кўчириш жараёнини кейинга қолдириш тўғрисида акт расмийлаштирмоқчи бўлганида, шаҳар томондан катта оқ юк машинаси кела бошлаган.

«Шу пайт шаҳар томондан катта оқ юк машинаси яқинлаша бошлади. У бизга тахминан 15–20 метр қолганида тўхтади. Кейин ҳайдовчи машинани тўғри собиқ хотини томон буриб, уни деворга қапиштирди. Шундан сўнг рулни собиқ қайнонаси томон буриб, машинанинг олд қисми билан уриб, устидан ўтиб кетди. Мен югуриб қочдим», – деди бюро ходими.

Кейин ҳайдовчи ҳасса билан қизи томон келган қайнотаси томон юк машинасини бошқариб, у иккисини ҳам уриб юборган. Шундан сўнг у машинадан пичоқ билан тушиб, собиқ рафиқасига икки марта зарба берган.

«У: „Сизларни ҳам ўлдираман“, – деди ва пичоқни жарликка улоқтирди», – дея қўшимча қилди ходим.

Натижада аёл ва унинг ота-онаси олган тан жароҳатлари туфайли вафот этган.

Тергов маълумотларига кўра, жиноятга уй-жой билан боғлиқ низо сабаб бўлган.

«У ўзи айбдор, уйсиз, оиласиз ва ишсиз қолди. Унга умрбод қамоқ жазоси беришингизни сўраймиз. Отам, онам ва кичик синглимнинг руҳлари тинч бўлсин. Бу биз учун катта йўқотиш… Ҳеч кимга бундай қотил куёвни тиламаймиз. Ҳеч кимга бундай йўқотишни тиламаймиз. Бу даҳшатли фожиа», – деди марҳумларнинг қариндоши суд мажлисида.

Судланувчининг ўзи қотилликни режалаштирмаганини айтди:

«Бу ўзимни йўқотиб қўйганимда содир бўлди. Мен ҳеч нарсани режалаштирмаган эдим… Фарзандларим менинг уларни қанчалик яхши кўришимни билишади. Ҳеч бир ота ўз фарзандларисиз яшай олмайди».

Марҳуманинг 2 нафар вояга етмаган қизи судда отасининг маст ҳолда тез-тез жанжал чиқаргани, онасини калтаклагани ва уни ўлдириш билан таҳдид қилганини айтди. Ота-она расман ажрашгандан сўнг, 2021 йилда ота мунтазам равишда онасиникига келиб, рашк қилиб, жанжаллар уюштирган. Навбатдаги можаролардан сўнг аёл уйга видеокузатув тизими ва Миллий гвардия ходимларини чақириш учун «махсус пульт» ўрнатган. Отаси ҳар сафар жанжал билан келганида, гвардия ходимлари келиб, уни олиб кетишган.

Бу воқеалар пайтида эркак қизларига мурожаат қилиб: «Сиз етим қоласиз» ва «Онангизни қабрга юбораман», – деб бир неча бор такрорлаган.

Қизлар унга умрбод жазо тайинлашни сўрашди.

Томди тумани жиноят ишлари бўйича суди эркакни Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 97-моддаси 2-қисми «а, в, д, ж» бандлари (оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш, яъни: икки ёки ундан ортиқ шахсни, айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни, бошқаларнинг ҳаёти учун хавфли усулда, ўта шафқатсизлик билан) да назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топди.

Унга ўта тартибли колонияда жазони ўташ шарти билан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ҳукм устидан шикоят аризаси берилган, бироқ Навоий вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати 2025 йил 28 октябрь куни уни ўзгаришсиз қолдирди. Ҳукм қилинган шахс оиласи билан жанжаллашмаганини ва ақли норасо ҳолатда бўлганини даъво қилган, бироқ апелляция инстанцияси суди бу важларни қабул қилмади.