
2025 йил 18 август куни E-auksion электрон платформасида Навоий вилоятининг Нурота туманидаги «Темирчи» олтин конлари участкасида геологик қидирув ишларини олиб бориш ҳуқуқи учун ким ошди савдоси бўлиб ўтди.
Ғолиб 67,78 млрд сўм (5,4 млн доллар) таклиф қилган Zauris компанияси бўлди — бу бошланғич нархдан (4,12 млрд сўм) қарийб 16,5 баробар юқори.
Темирчи участкаси Зафаробод қишлоғидан 26,7 км шимоли-ғарбда ва Навоий шаҳридан 35 км шимолда жойлашган. Унинг майдони 249 гектар, олтиннинг тахминий захиралари эса 6 тонна (192,9 минг троя унцияси) деб баҳоланмоқда. Бугунги кунда дунёда бир троя унцияси олтин 3389 доллар деб баҳоланмоқда, шу боис захираларнинг потенциал қиймати 654 млн долларга етиши мумкин.
Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри (КВТЯД) маълумотларига кўра, Zauris компанияси 2025 йилнинг июль ойида Тошкентда рангли металлар рудаларини қазиб олиш фаолияти билан шуғулланиш учун рўйхатдан ўтказилган. Корхонанинг муассиси ва раҳбари 10 млн сўм миқдоридаги устав капиталининг 100% эгалик қилувчи Феруза Файзиева.

Бундан ташқари, Файзиева 2020 йилда ташкил этилган ва молия бозорларини бошқариш билан шуғулланувчи Marex Financial компаниясида 70% улушга эгалик қилади. Компаниянинг устав капитали 18,33 млн сўмни ташкил этади.

Бу ким ошди савдосига қўйилган биринчи олтин кони участкаси эмас. 2025 йил 15 август куни Bargi Sabz Import Export Зарафшон шаҳридан 68,2 км жануби-шарқда жойлашган 926 гектарли «Аққазат» участкасида геологик қидирув ишларини олиб бориш ҳуқуқини қўлга киритди. Компания 24,92 млрд сўм таклиф қилган — бу бошланғич нархдан (4,1 млрд сўм) 6 баробар кўп. Олтиннинг тахминий захиралари 5 тонна деб баҳоланмоқда.
Bargi Sabz Import Export 2018 йил 11 апрелда Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида рўйхатдан ўтказилган, асосий фаолият тури — бошқа тоифаларга киритилмаган ихтисослаштирилган қурилиш ишлари. Муассиси 10 дан ортиқ бошқа компанияларда улушларга эгалик қилувчи Камгар Камбиз: Kamgar, Kamgar Gold, Kamgar, Bargi Sabz Termiz, Kam Tur Paradise, East-Yard, KF Best, Grand Hygiene Manufacturing, Poytaxt Village, Ur New Capital, Renaissance Stroy Group, Kam Buildings, Kam Construction, Zayed Music Media Production, Volttech Engineering.
2025 йил 14 август куни Zhongcheng Mining компанияси «Четтик» участкаси (Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидан 15 км узоқликда) бўйича лот ғолиби бўлиб, 35,6 млрд сўм таклиф қилди — бу бошланғич нархдан (4,1 млрд сўм) 8,6 баробар кўп. Участка майдони 1314 гектар, олтиннинг эҳтимолий захиралари эса 4,57 тоннани ташкил этади.
Бу компания 2025 йил 8 августда, яъни ким ошди савдосидан 6 кун олдин рўйхатдан ўтган. Унинг муассиси Ши Чунхуань (Shi Chonghuan).
2025 йил февраль ойи бошида Навоий вилоятида олтин қазиб олиш бўйича 31 та участка учун ким ошди савдоси бўлиб ўтган эди. Харидорларга Нурота ва Кармана туманларидаги Навоий, Нурота, Оқсоқолот, Соп, Шухсай конларидаги участкалар таклиф этилди. Лотларнинг умумий қиймати 1,1 млрд сўмни ташкил этди, жами тушум эса 25,1 млрд сўмни ташкил этди.