Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Таълим 14/02/2026

Навоий ва Зарафшон мактабларида ихтисослаштирилган IT-синфлар очилади

Янги ўқув йилидан бошлаб Навоий ва Зарафшон шаҳарларидаги мактабларда биттадан ихтисослаштирилган IT-синф ташкил этиш таклиф қилинди. Бу ҳақда 2026 йил 10 февраль куни президент раислигида ўтган йиғилишда сўз борди.

Мазкур тажриба синфларида дарс бериш учун вилоятдаги 100 нафар ўқитувчи IT ва сунъий интеллект соҳасида ўз малакасини оширади. Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида таълим ва малака ошириш жараёнлари маҳаллий олийгоҳлар базасида, зарур ҳолларда эса хорижий ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этилишини таъкидлади.

Тошкент ахборот технологиялари университетининг Зарафшон филиалида сунъий интеллект ва киберхавфсизлик бўйича кундузги таълим йўналишлари йўлга қўйилади. Вазирнинг қўшимча қилишича, Навоий вилояти нафақат дастурий таъминот, балки саноат қурилмалари (hardware) йўналишида ҳам катта салоҳиятга эга. Шу боис жорий йилда саноат ва дастурлашни интеграция қилувчи стартапларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиратбай Шариповнинг қайд этишича, олтита профессионал йўналиш бўйича Хитой, Буюк Британия, Германия ва Швейцария таълим дастурлари жорий этилади. Шунингдек, вилоятда профессионал маҳорат маркази ташкил этилади. Ушбу марказ вилоятдаги 25 та техникумни бирлаштирган ҳолда Президент мактаблари тизими каби ягона тизим асосида фаолият юритади. У ерда замонавий технологиялар жорий этилиб, бошқа техникумлар ўқитувчи ва талабалари малака оширишлари мумкин бўлади.

Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети базасида Турин политехника университети билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурини ишга тушириш режалаштирилган. Ушбу дастур асосан машинасозлик ва электромобиллар соҳасига йўналтирилади. Қўнғиратбай Шариповнинг сўзларига кўра, ТАТУ Зарафшон филиалида сунъий интеллект ва киберхавфсизлик йўналишларининг очилиши минтақани малакали кадрлар билан таъминлаш ва кибержиноятчиликнинг олдини олишга хизмат қилади.

Йиғилишда Навоий вилояти таълим соҳасида мамлакатнинг етакчи ҳудудларидан бири экани эътироф этилди. Вилоятда олий таълим билан қамров даражаси 71 фоизни ташкил этади, ўтган йили эса 10 та мактаб битирувчилари 100 фоизлик кўрсаткич билан олий ўқув юртларига талабаликка қабул қилинган.