
Британиянинг Nature илмий журнали мақолада қўлланилган Ўзбекистон бўйича маълумотлардаги ноаниқликлар туфайли иқлим ўзгариши оқибатлари ҳақидаги шов-шувли тадқиқотни қайтариб олди.
Гап 2024 йил апрель ойида Nature журналида чоп этилган тадқиқот ҳақида кетмоқда. Унда аср охирига келиб иқлим ўзгариши аввал тахмин қилинганидан кўра анча катта иқтисодий зарар келтириши таъкидланган эди. Олимларнинг хулосалари кўплаб оммавий ахборот воситаларида келтирилган ва Марказий банклар томонидан хавфларни бошқариш сценарийларида фойдаланилган, деб ёзади New York Times.
Қайтариб олиш қарори бир гуруҳ иқтисодчилар Ўзбекистон бўйича маълумотларда ишни натижаларини сезиларли даражада бузиб кўрсатган хатоларни пайқаганидан сўнг қабул қилинди. Улар Ўзбекистонни тадқиқотдан чиқариб ташланса, зарар бошқа прогнозлар натижаларига ўхшаш бўлишини аниқладилар. Хусусан, глобал ЯИМнинг прогноз қилинаётган пасайиши 2100 йилга келиб 62 фоиздан 23 фоизгача камайган.
«Нашр этилгандан сўнг, натижалар битта мамлакат — Ўзбекистонни истисно қилишга сезгир эканлиги аниқланди, бу ерда 1995–1999 йиллар давридаги дастлабки иқтисодий маълумотларда ноаниқликлар мавжудлиги аниқланган… Муаллифлар Ўзбекистон бўйича 1995–1999 йиллар маълумотларига тузатиш киритдилар ва маълумот манбаларидаги ўзгаришларни ҳамда Ўзбекистон бўйича маълумотлардаги юқори тартибдаги трендларни ҳисобга олдилар… Бу ўзгаришлар иқлимий зарар баҳоларида фарқларга олиб келди, [бу фарқлар] тузатиш киритиш учун жуда катта бўлиб, мақолани қайтариб олишга олиб келди», — дейилади Nature журналининг 2025 йил 3 декабрдаги баёнотида.
Тадқиқотга Потсдам иқлим ўзгаришларини ўрганиш институти (Германия) иқтисодчиси Леони Венц ва институт илмий ходими Максимилиан Котц раҳбарлик қилган. Гуруҳ иқлим ўзгаришининг иқтисодий оқибатларини тўлиқроқ прогноз қилиш учун бир нечта янги усулларни ишлаб чиқди. Улар ўртача ҳарорат билан чекланмасдан, балки ёғингарчилик миқдори ва кучли иссиқлик даврлари каби қатор иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда, мамлакатлардан кичикроқ бўлган штатлар ва провинциялар каби географик минтақалардаги иқтисодий шароитлар тўпламидан фойдаландилар.
2025 йил август ойида Стэнфорд университети (АҚШ) глобал экологик сиёсат профессори Соломон Сян бошчилигидаги тадқиқотчилар гуруҳи Венц ва Котц ишига шарҳ эълон қилди. Уларнинг текшируви айнан Ўзбекистон бўйича маълумотлар Потсдам институтидаги ҳамкасбларнинг тадқиқотида иқлим ўзгаришининг прогноз қилинаётган оқибатларини кескин бузиб кўрсатганини кўрсатди.
Венц ва Котцнинг тадқиқотига кўра, Ўзбекистоннинг ЯИМ 2000 йилда қарийб 90% га кескин қисқарган, 2010 йилда эса мамлакатнинг айрим ҳудудларида 90% дан кўпроққа ўсган. Бошқа йилларда ҳам кескин тебранишлар кузатилган. Бироқ, Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиётининг сўнгги 40 йилдаги ўсиши жуда камтарона бўлган — 0,2% пасайишдан 7,7% ўсишгача, деб ёзади Washington Post.
Бу тебранишлар шу қадар кескин бўлганки, Сян ва унинг жамоаси таъкидлашича, улар ҳарорат ва ёғингарчилик миқдори ўзгаришини иқтисодий ўсиш билан боғлайдиган базавий моделга таъсир кўрсатган. Натижада Венц ва Котцнинг ҳисоб-китоблари иқлим ўзгариши глобал ЯИМга кучлироқ таъсир кўрсатишини кўрсатди.
«Сўнгги ўн йил давомида кўпчилик 2100 йилга келиб [глобал ЯИМнинг] 20% га қисқаришини жуда катта рақам деб ҳисоблаган. Шунинг учун бу ишда [Венц ва Котц] 60% ҳақида гапирилгани умуман рухсат этилган доирага мос келмайди», — дея таъкидлади Соломон Сян.