
Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институти олимлари АҚШ Миллий аэронавтика ва коинотни тадқиқ қилиш бошқармаси (NASA) мукофотига сазовор бўлдилар, деб хабар берди Ўзбекистон Фанлар академияси.
Ютуқлар учун жамоавий мукофот «Астероид йўналишини икки томонлама ўзгартиришни синовдан ўтказиш» (Double Asteroid Redirection Test — DART) халқаро космик миссияси доирасида эришилган тарихий илмий натижа учун берилди.
Мукофот фан номзодлари — Галактика астрономияси лабораторияси мудири Отабек Бурхонов ва катта илмий ходим Камолиддин Эргашевга топширилди.
Ўзбекистонлик олимлар Майданак расадхонаси телескопларидан фойдаланган ҳолда DART миссиясининг ер усти кузатувлари бўйича ишчи гуруҳида иштирок этдилар.
DART миссияси — инсоният тарихидаги астероид орбитасини мақсадли равишда ўзгартиришга қаратилган сайёрани ҳимоя қилиш бўйича илк тажриба. Миссия 2024 йил 26 сентябрь куни амалга оширилган. NASA космик аппарати қасддан каттароқ Дидим астероиди атрофида айланувчи кичик Диморфос астероидига бориб урилган.
Зарбадан сўнг Диморфоснинг орбитал даври тахминан 33 дақиқага қисқарди. Ушбу ўзгариш Ердан ва коинотдан олиб борилган кузатувлар орқали тасдиқланди. «Бу инсоният тарихида астероид орбитаси сунъий равишда ўзгартирилган ва натижаси экспериментал тарзда тасдиқланган биринчи ҳолатдир», — дейилади хабарда.
«Гуруҳнинг асосий вазифаси тўқнашувдан олдинги ва кейинги фотометрик кузатувлар асосида астероид тизимининг орбитал даври ўзгаришини аниқлаш ва аниқ ҳисоблаб чиқишдан иборат эди. Айнан мана шу ўлчов натижалари DART тажрибаси муваффақиятли ўтказилганини илмий жиҳатдан тасдиқлади», — деб қайд этди Фанлар академияси.