Наркоманияга қарши кураш фаоллари учун мукофот тасдиқланди

Ўзбекистон ҳукумати «Наркотикларга қарши курашиш фидойиси» кўкрак нишони тўғрисидаги низомни тасдиқлади, дея хабар берди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Ушбу кўкрак нишони наркожиноятчиликка қарши курашда фаол позициясини намоён этган фуқароларга, биринчи навбатда — ёшларга берилади.

Номзодлар рўйхати ҳар йили 1 майгача Президент Администрацияси ҳузуридаги Наркотик моддаларни ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлигига юборилади.

Кўкрак нишони ҳар йили 26 июнь — Наркотик воситаларни суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш халқаро куни арафасида тантанали равишда топширилади.

2025 йил ноябрь ойи бошида Ўзбекистон президенти раислигида ўтказилган йиғилишда яширин лабораторияларда тайёрланиб, интернет орқали тарқатилаётган синтетик гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш ва сотишнинг кўпайгани қайд этилган эди. Шавкат Мирзиёев бундай жиноятлар учун жазо чораларини кучайтириш зарурлигини таъкидлаб, 2027 йилгача бўлган даврда наркожиноятчиликка қарши курашиш миллий дастурини маъқуллади.