Ўзбекистоннинг 33 та «намунавий» туман ва шаҳарларида давлат органлари раҳбарлари ротацияси жорий этилмоқда

2025 йил 1 январдан бошлаб «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги» 33 та «намунавий» туман ва шаҳарлар ҳокимликларида эксперимент тариқасида натижаларга асосланган бошқарув модели жорий этилади. Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 6 декабрдаги давлат хизматида бошқарув самарадорлигини ошириш тўғрисидаги фармонида назарда тутилган, деб хабар берди Адлия вазирлиги.

Бошқарув самарадорлиги агентлиги (давлат хизматини ривожлантириш агентлиги негизида ёзда ташкил этилган) давлат органларининг олдига қўйилган вазифалар асосида улар фаолиятининг мақсадли кўрсаткичлари ва индикаторларини шакллантиради. Бу кўрсаткичлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Агентлик натижаларга асосланган бошқарув моделини ишлаб чиқиши ва уни жорий этишда давлат органларига кўмаклашиши керак. Мақсадли кўрсаткичларга эришиш samaradorlik.gov.uz платформаси орқали баҳоланади.

Агентлик, шунингдек, қўйилган вазифаларни бажариш учун кадрлар салоҳиятини ривожлантиришга ва ишга номзодларни танлашнинг замонавий ёндашувларини жорий этишга кўмаклашади.

Ҳудудларда кадрлар ротацияси

Фармон билан давлат органлари вазифа ва функцияларининг беш даража бўйича таснифи тасдиқланди:

  • конституциявий ва миллий даража;
  • республика ижро этувчи ҳокимият органлари даражаси;
  • ҳудудий даража;
  • туман (шаҳар) даражаси;
  • маҳалла фуқаролар йиғини (қишлоқ, овул) даражаси.

Янги йилдан бошлаб юқорида қайд этилган 33 та туман ва шаҳар давлат органларида раҳбар кадрлар ротацияси тизими ҳам жорий этилади.

Янги тартибга кўра, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг туман бўлинмалари раҳбарлари, шунингдек, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, қоида тариқасида, ҳар беш йилда Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри доирасида бошқа туманга (шаҳарга) ўтказилади.

Янги лавозимга ўтказишдан олдин раҳбарлар янги шаҳар ёки тумандаги ижтимоий-иқтисодий вазият бўйича интенсив курсдан ўтадилар. Бошқарув самарадорлиги агентлиги ротация қилинган раҳбар фаолиятининг онлайн мониторингини олиб боради.

Ходимларнинг коррупцияга нисбатан барқарорлиги диагностикаси

Фармонга кўра, давлат органларида босқичма-босқич ходимларнинг коррупцияга нисбатан барқарорлик даражасини диагностика қилиш тизими жорий этилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб коррупцияга қарши курашиш бўйича ички бўлинмалар раҳбарлари ва масъул ходимлари, шунингдек, ушбу лавозимларга номзодлар, 1 июндан эса функциялари «юқори» ва «ўртача» коррупция хавфи даражасига киритилган соҳавий инспекциялар ходимлари (ва номзодлари), 2027 йил 1 январдан бошлаб эса шунга ўхшаш хавф даражасига эга функцияларни бажарувчи бошқа давлат органлари ходимлари (ва номзодлари) диагностикадан ўтадилар.

Диагностика Коррупцияга қарши курашиш агентлиги буюртмаси асосида Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази томонидан ўтказилади.

Агар ходим «паст» баҳо олса, у ўз лавозимида ишлашни давом эттира олмайди. Бу ҳолда, у коррупция хавфи даражаси паст бўлган бошқа лавозимга мажбурий ротация қилиниши керак.

Бўш иш ўринларини тўлдиришнинг янги тизими

Фармонга кўра, келаси йил 2025 йил 1 мартдан бошлаб давлат хизматига кадрларни танлашнинг электрон тизими жорий этилади.

Давлат фуқаролик хизматидаги бўш лавозимлар тўғрисидаги маълумотлар vacancy.gov.uz электрон платформасида эълон қилинади. Фуқаролар талабгор мақомида рўйхатдан ўтишлари, хоҳлаган лавозимини, ихтисослигини ва иш ҳақи талабларини кўрсатишлари мумкин.

Платформада рўйхатдан ўтган ва давлат фуқаролик хизматига кириш учун тест имтиҳонидан муваффақиятли ўтган фуқаролар у ердаги бўш лавозимларга даъвогарлик қилишлари мумкин. Бунда тест синовидан ихтисослаштирилган онлайн идентификация тизими орқали ёки агентликнинг жиҳозланган аудиторияларида ўтиш мумкин бўлади. Тест натижалари бир йил давомида амал қилади.

Танловнинг қўшимча босқичи сифатида ўтказиладиган ва касбий билимларни баҳолашга қаратилган соҳавий тест синовлари давлат органлари буюртмасига асосан шартнома асосида Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази томонидан ўтказилади.

Кадрлар захирасини юритишнинг янги тартиби

Фармон билан кадрлар захирасини шакллантиришнинг янгиланган тизими ҳам жорий этилмоқда.

Давлат органлари Миллий кадрлар захирасига номзодлар рўйхатини мустақил равишда шакллантиради. Номзодларнинг шахсий ривожланиш режасининг бажарилиши кадрлар захираси платформаси орқали назорат қилинади.

Истиқболли кадрлар захирасига номзодлар туман (шаҳар) ҳокимининг хулосаси асосида маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар билан ишлаш бўйича мутахассислар, ёшлар етакчилари, ижтимоий ходимлар ва солиқ инспекторлари орасидан ишчи гуруҳ томонидан танлаб олинади.

Бошқарув самарадорлиги агентлиги давлат хизматининг бошқарув ва сиёсий лавозимларига кадрлар захирасини шакллантиради. Самарали ишлаётган, лекин раҳбарлар томонидан тавсия этилмаган ходимлар агентлик томонидан мустақил равишда аниқланади ва баҳоланади, шундан сўнг Миллий кадрлар захирасига киритилади.