«Намойишкорона ғайрат/ҳаракат керак эмас». Самарқанд вилояти раҳбари ўз қўл остидагиларни дам олиш кунлари ишламасликка чақирди

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Азиз Бобоев туман ҳокимликлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларини дам олиш кунлари ишлаш орқали риёкорона ғайратни намойиш қилишни тўхтатишга чақирди.

Унинг нутқидан парча davletovuz Telegram-каналида жойлаштирилган.

«Бозор куни (якшанба, одатда бир ҳафталик озиқ-овқат захираларини йиғиш қабул қилинган кун — таҳр.) ҳаммани ишлашга йиғиб, ҳокимликларда ўзингизни гўёки ишлаётгандек кўрсатиб, балл тўплайсизлар. Менга бунақа иш керак эмас. Якшанба — дам олиш куни. Бу куни ҳамма уйда дам олсин. Ҳамманинг ота-онаси, қариндошлари, болалари, рафиқаси бор. Ходимлар дам олсин. Шундагина ишда унум бўлади», — деди ҳоким в.б.

У ўз қўл остидагилардан иш вақтида ўз мажбуриятларини бажаришни кутишини таъкидлади.

«5 ёки 6 иш куни бор — ҳалол, виждонан, тўлиқ фидойилик билан ишланг, бу етарли. Якшанба куни эса уйингизга боринг, онангиздан хабар олинг, фарзандларингизга, рафиқангизга вақт ажратинг, опа-сингилларингиз, қариндошларингиздан хабар олинг. Улар билан ҳеч бўлмаганда ярим-бир соат гаплашинг. Яқинларингизни тинглаб, улар билан вақт ўтказсангиз, ишингизда ҳам, оилангизда ҳам тартиб бўлади, фаровонлик ҳам ўз жойига тушади», — деди Азиз Бобоев.

Вилоят ҳокими яна бир бор таъкидладики, на туман ҳокимлари, на вилоят ҳокими ўринбосарлари дам олиш кунлари ҳеч кимни ишга чақириши керак эмас.

Яқинда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳам ишдан дам олиш муҳимлиги ҳақида гапирган эди. Унинг таъкидлашича, агар инсон дам олмаса, асабийлашади ва бу эртами-кечми ўз сўзини айтади.

Президент ва Бош вазирнинг дам олиш кунлари дам олиш ҳақидаги топшириқлари

2018 йил август ойида президент Шавкат Мирзиёев давлат органлари ходимлари якшанба кунини оилалари билан ўтказиши кераклигини айтган эди.

«Энди шанба куни иш 17:00 гача давом этади, якшанба эса дам олиш куни. Президент оилаларимизга эътибор беришимиз кераклигини айтди. Шу билан бирга, у давлат хизматчилари иш вақтида ўзларига юклатилган барча вазифаларни сифатли ва самарали бажариши кераклигини таъкидлади», — дейилган.

Шавкат Мирзиёев давлат органларидаги йиғилишлар сони ва давомийлигини қисқартириш, шунингдек, кераксиз ҳисоботлар ва маълумотларни йиғишни тўхтатишга топшириқ берди.

Ўшанда Бош вазир Абдулла Арипов ҳам давлат ташкилотлари ва барча даражадаги бошқармаларга, хусусан, маҳаллий ҳокимликларга ишнинг аниқ регламентини ишлаб чиқишни топширган эди.

2019 йил декабрь ойида президент давлат органлари ишига замонавий бошқарув тамойилларини жорий этиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Унда дам олиш ва байрам кунлари йиғилишлар ўтказишни тақиқлаш, ходимларга ўз вазифасидан ташқари ишларни юкламаслик ва бошқа чора-тадбирлар ҳақида сўз борарди.

2020 йилда Адлия вазирлиги ходимлар ишда қолиб кетмаслиги учун иш вақти тугагандан сўнг хизмат компютерларини ўчиришини маълум қилган эди. Уларга якшанба куни ишга чиқиш ҳам тақиқланган.

2021 йил январь ойида президент йиғилишлардан бирида: «Кераксиз йиғилишларни ўтказишни тўхтатиш керак… Баъзи раҳбарлар бундан касал. Кераксиз йиғилиш ўтказадиганлар лавозимини тарк этади», — деган эди.