Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 20/03/2026

Наманганда солиқ қарздорлиги учун электр энергияси тўловини чеклаш бошланади

Наманган вилоятида 2026 йил 16 апрелдан бошлаб тажриба тариқасида жисмоний шахсларнинг ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлигини электр энергияси биллинг тизими орқали ундириш механизми жорий этилади. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси маълум қилди.

Лойиҳани амалга ошириш учун «Солиқ биллинг» автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилган. Ушбу тизим мазкур солиқлар бўйича қарздорлиги 1 млн сўмдан юқори бўлган фуқароларга нисбатан қўлланилади.

Тизим қарздорларни босқичма-босқич хабардор қилишни назарда тутади. Аввал солиқ ҳисоблангани ҳақида билдиришнома, сўнгра SMS орқали эслатма юборилади. «Soliq» мобил иловаси мавжуд бўлса, хабар у орқали ҳам келади, шунингдек, my.gov.uz порталидаги шахсий кабинетга юборилиши мумкин.

Шундан сўнг солиқ органлари электр энергияси учун тўловни амалга ошириш чекланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирувчи SMS юборади. Хабардаги ҳавола орқали фуқаро қарздорлик юзага келган сана ва хабардор қилиш босқичини текшириши мумкин бўлади.

Агар огоҳлантиришларга қарамай қарздорлик тўланмаса, фуқаронинг электр энергияси учун тўлов қилиш имконияти вақтинча чекланади. Қарз тўланганидан сўнг чеклов онлайн режимда олиб ташланади.

Солиқларни ундириш учун электр энергияси биллингидан фойдаланиш Президентнинг 2025 йил 28 ноябрдаги солиқ йиғувчанлигини ошириш тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжатга кўра, тизим Наманганда 2026 йил 1 январдан жорий этилиши керак эди. Тажриба якунларига кўра, 2026 йил 1 октябргача ушбу механизм бошқа ҳудудларга ҳам татбиқ этилиши тахмин қилинмоқда.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, 12 июль ҳолатига Наманган вилоятида мол-мулк ва ер солиғидан қарзи бор 369 минг нафар жисмоний шахс мавжуд бўлган. Уларнинг 43,4 минг нафарида (12%) қарз миқдори 1 млн сўмдан ошган.

Аввалроқ худди шундай ёндашув қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари бўйича қарздорликни ундириш учун жорий этилган эди. Бунда қарздорлар хабардор қилинганидан сўнг, қарз тўлиқ узилгунга қадар электр энергияси учун тўлов қилиш имконияти вақтинча чекланади.

Бундан ташқари, 2026 йил 1 июлдан бошлаб мажбурий бадалларни ойнинг 15-санасигача тўламаган уй-жой мулкдорларидан электр энергияси учун тўловларни қабул қилиш тўхтатиб қўйилади.