Марказий банк раисининг собиқ ўринбосари Аюбхон Камалов Наманган шаҳри ҳокими бўлди

Марказий банк раисининг собиқ ўринбосари Аюбхон Арибжонович Камалов Наманган шаҳар ҳокимлигига раҳбарлик қилади. Унинг номзоди 2025 йил 29 октябрь куни Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида бир овоздан тасдиқланди, дея хабар берди Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Депутатлар, шунингдек, ҳокимнинг Анвар Отахўжаевни Наманган шаҳри раҳбари лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги қарорини бир овоздан маъқулладилар. У бу лавозимни 2023 йил декабридан эгаллаб келган эди. 2025 йил сентябрь ойида унга нисбатан катта миқдорда пора олиш айби билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Аюбхон Камалов 2020 йил декабридан Ўзбекистон Марказий банки раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган. У 1971 йилда Наманганда туғилган. Ленинград қишлоқ хўжалиги институтини (1993) ва Наманган муҳандислик-педагогика институтини (2001) тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1993 йилда Наманган вилояти ҳокимлигининг прогнозлаштириш ва статистика бош бошқармаси мутахассиси сифатида бошлаган. 1994 йилдан 2017 йилгача банк ва молия тизимларида турли лавозимларда ишлаган.

2017 йилдан 2019 йилгача Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорликни ривожлантириш давлат жамғармасининг ижрочи директори, 2019—2020 йилларда — Наманган вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлган. 2020 йил май ойидан декабрь ойигача Вазирлар Маҳкамасининг Макроиқтисодий таҳлил, таркибий ўзгартиришлар, молия-банк тизими, давлат активларини бошқариш, рақобатни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари котибияти мудири лавозимида ишлаган.