
Наманганда мактаб ўқитувчиларига малака тоифасини олиш учун ўтказиладиган аттестация имтиҳонларида пул эвазига масофадан туриб ёрдам берилган «бункер» топилди. Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати хабар беришича, жараён таълим тизимида ишловчи мансабдор шахслар томонидан ташкил этилган.
Хизмат маълумотларига кўра, Наманган Давлатобод туманидаги мактаблардан бири директорининг ўринбосари, Наманган давлат техника университетининг бўлим бошлиғи ва мутахассиси, шунингдек, бошқа шахслар «бункер» ташкил этиш учун ўзаро тил бириктиришган.
Қайд этилишича, мактаб директори ўринбосари ва «бункер»ни бошқариб келган 2001 йилда туғилган фуқаро аввал ҳам худди шундай жиноят учун жавобгарликка тортилган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида «бункер» сифатида фойдаланилган уй кўздан кечирилди. У ерда тест топшириқларини ечишга жалб қилинган 12 нафар ўқитувчи бўлган. Ноутбук, қулоқчинлар ва яширин камералар, Wi-Fi роутерлари ва бошқа буюмлар олинган.
Терговга қадар текширув доирасида мактаб директори ўринбосари ва бошқа иштирокчилар имтиҳондан ижобий натижаларни таъминлашни ваъда қилиб, педагоглардан 1300—1500 АҚШ доллари талаб қилгани аниқланди. Улар фақатгина сентябрь-октябрь ойларида 25 минг доллар олишган.
Гумроҳларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган фирибгарлик) ва 28-моддаси (жиноят иштирокчиларининг турлари) орқали 211-моддаси 2-қисми «а» банди (пора бериш, такроран, хавфли рецидивист ёки илгари жиноят содир этган шахс томонидан) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов олиб борилмоқда.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда «бункер» сўзи билан абитуриентларга олий ўқув юртларига кириш тестларини топширишда кўп йиллардан бери ёрдам бериб келаётган яширин гуруҳлар маълум.

