
Наманган вилоятида Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан «Ислом давлати» террористик ташкилоти ғоялари таъсирида бўлган деб тахмин қилинаётган 21 киши қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.
Тергов версиясига кўра, гуруҳ етакчиси — Поп тумани Янгиобод маҳалласида яшовчи аёл — ижтимоий тармоқларда каналлар очиб, улар орқали ИШИД ғояларини тарғиб қилувчи материалларни тарқатган.
ДХХнинг маълум қилишича, у интернетда Жанубий Кореяда мавсумий ишлаётган Фарғона вилоятида туғилган йигит билан танишган ва унинг таъсири остида террористик ташкилотлар фаолиятига жалб қилинган. Бу икки ёш диний никоҳ (никоҳ) ўқитиб, кейинчалик жанговар ҳаракатлар ҳудудларига «ҳижрат» қилишни (кўчиб ўтишни) режалаштирган.
ДХХ маълумотларига кўра, аёл ўз фаолиятига узоқ қариндоши ва қўшнисини ҳам жалб қилган. Тергов версиясига кўра, бу фуқаролар ижтимоий тармоқларда ёпиқ каналлар яратиб, у ерга яқин қариндошлари, қўшнилари, шунингдек, экстремизмга мойил бўлган шахсларни жалб қилганлар ва уларга қатл саҳналари, қонли жанглар ва давлат тузумини зўрлик билан ағдаришга чақириқларни намойиш этиш орқали террористик ташкилотлар ғояларини сингдирганлар.
«Мен ўзимнинг Telegram-аккаунтим орқали каналлар очиб, у ерда террористларнинг қотилликлари ва қўлланмалари акс этган видеоларни тарқатганман. Уларнинг материаллари билан танишиб чиқиб, Мисрга ҳижрат қилишни, у ерда билим олишни, кейин эса террористлар билан бирга жиҳодда иштирок этишни мақсад қилгандим. Афсусдаман. Агар имкон берилса, бундан кейин бу йўлдан узоқ юришга, ижтимоий тармоқлардан тўғри фойдаланишга, ота-онам ва халқим хизматига камарбаста бўлишга ваъда бераман», — деди қўлга олинган аёллардан бири.
ДХХнинг таъкидлашича, қўлга олинганлар аввал «бир неча бор огоҳлантирилган», аммо ўзларининг яширин фаолиятини давом эттирганлар. Тезкор тадбирлар давомида улардан диний адабиётлар, электрон ташувчи воситалар ва бошқа ашёвий далиллар олинган.
Яширин гуруҳни бошқаришда гумонланаётган 4 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш) ва 244-2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Улардан 2 нафарига нисбатан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш қўлланилган. Қолган 17 кишига нисбатан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.