
Жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти Янгиқўрғон туман суди етти ёшли қизни зўрлаган 38 ёшли эркакка нисбатан ҳукм чиқарди, деб хабар берди Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати.
1987 йилда туғилган Б. С. 14 октябрь куни амакиси Ж. М.нинг уйига тўйга келган. Тантана вақтида у амакисининг набираси, 2018 йилда туғилган И. К.ни алдаб, хилват жойга олиб борган. У болани зўрлаган ва воқеа жойидан қочиб кетган.
2025 йил 24 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон туман суди Б. С.ни қуйидаги жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди:
- Жиноят кодексининг 112-моддаси 1-қисми (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш);
- 118-моддаси 4-қисми (ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш);
- 119-моддаси 4-қисми (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб, ғайритабиий шаклда қондириш).
Б. С. 18 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Жиноят кодексининг 34-моддаси 3-қисми «а» бандига (ўта хавфли рецидив деб шахс томонидан ўта оғир жиноят содир этилиши, агар у илгари ўта оғир жиноят ёки икки марта оғир жиноят учун судланган бўлса ва уларнинг ҳар бири учун беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган бўлса, эътироф этилади) мувофиқ, у ўта хавфли рецидивист деб топилди.
Маҳкум жазонинг дастлабки 3 йилини қамоқхонада, қолган муддатини эса ўта қаттиқ тартибли колонияда ўтайди.

