
«Ўзбекнефтгаз» таркибига кирувчи «Нефтгазмонтаж» корхонаси фаолияти компания раҳбари Абдуғани Сангинов раислигида ўтган йиғилишда танқидий таҳлил қилинди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати хабар берди.
Компания раҳбари корхонадаги иш жараёнлари ҳанузгача эскирган, рақамлаштирилмаган тизим асосида олиб борилаётганини қаттиқ танқид қилди. Йўл қўйилган манфаатлар тўқнашуви ва замонавий бошқарув механизмларининг йўқлиги нафақат самарадорликни пасайтиргани, балки молиявий интизомга ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатгани таъкидланди.
Қурилиш ишлари ҳажми 21,4 фоизга камайган бир пайтда, омборлардаги моддий-техник ресурслар захираси асоссиз равишда 129 фоизга ошган. Ходимларга ноябрь ойидан бери иш ҳақи тўланмаган.
«Сўнгги йилларда жамият салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмагани сабабли иш ҳажми сезиларли даражада камайди, юқори малакали кадрлар қўнимсизлиги кучайди, буюртмалар билан ишлашда ташаббускорлик кўрсатилмади», — дейилади йиғилиш якунлари бўйича берилган хабарда.
Компания маълумотларига кўра, «Нефтгазмонтаж» активлари «амалда самарадорлигини йўқотган». Мавжуд 562 та техниканинг ярмидан кўпи ишламаяпти: 128 таси мутлақо яроқсиз, 218 таси эса носоз ҳолатда. Кўп йиллар давомида таъмирланмагани сабабли техник парк амалда ишдан чиққан, GPS-назорат тизимининг йўқлиги эса транспорт воситалари устидан назоратни сусайтирган. Шунингдек, ишлатилмаётган объектлар учун ҳар йили сарфланадиган ортиқча харажатлар ҳам танқид остига олинди.
Йиғилишда Абдуғани Сангинов жамиятни молиявий соғломлаштириш бўйича топшириқлар берди. У электрон ҳужжат айланиши ва ғазначилик тизимини зудлик билан жорий этиш, давлат харидлари тизими талабларига қатъий риоя қилиш, бухгалтерия фаолиятини тўлиқ тафтиш қилиш ва харидлар шаффофлигини ошириш вазифаларини қўйди.
Самарасиз активлар — яроқсиз техника ва фойдаланилмаётган объектлар аукционга чиқарилиши, носоз техникалар эса қисқа муддатда таъмирланиши керак.
Йиғилишда уруғ-аймоқчилик (кумовство) иллати кенг илдиз отгани ҳам муҳокама қилинди. «Айрим раҳбарлар ва масъул ходимлар томонидан яқин қариндошларни ишга жойлаштириш ҳолатлари тизимли тус олгани» қайд этилди. Бу кадрлар сиёсатида адолат тамойилларининг бузилишига ва иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатгани айтиб ўтилди.
Тадбир якунларига кўра, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган ва молиявий қонунбузарликларнинг олдини олмаган комплаенс-инспектор, шунингдек, директорнинг иқтисодиёт ва қурилиш бўйича ўринбосарлари эгаллаб турган лавозимига нолойиқ деб топилди.
«Нефтгазмонтаж» директори лавозимидан озод этилди ва унга уч ойлик синов муддати белгиланди. «Ўзбекнефтгаз» раҳбари ходимлар олдидаги қарздорликни бир ҳафта ичида бартараф этиш бўйича топшириқ берди.
Шунингдек, «Нефтгазмонтаж»ни замонавий ускуналар билан таъминлаш, уни йирик пудрат компаниясига айлантириш, иш ҳажмини 10 бараварга ошириш, ходимлар сонини мутаносиб равишда оптималлаштириш ва иш ҳақини ошириш масаласини кўриб чиқиш вазифаси қўйилди.