
Ўзбекистон қашшоқликни икки баравар қисқартириш бўйича мажбуриятини муддатидан олдин бажариш ва халқаро стандартлар бўйича мутлақ қашшоқликни 2030 йилгача бутунлай тугатишни мақсад қилган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 17 сентябрь куни Наманганда бўлиб ўтаётган «Қашшоқликдан фаровонлик сари йўл» (Road to Prosperity) халқаро форумида баёнот берди.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги саккиз йил давомида мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муносиб иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва турмуш шароитларини яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, қашшоқликка қарши кураш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, умуммиллий ҳаракатга айланди.
У бу йўлнинг бошида мамлакатда қашшоқликни баҳолаш бўйича аниқ мезонлар мавжуд эмаслигини эслатди. Бироқ, Жаҳон банки ва БМТ муассасалари кўмагида халқаро стандартларга мос келадиган миллий методологиялар ишлаб чиқилди.
Янгиланган Конституцияда пенсия, нафақа ва ижтимоий ёрдам миқдори минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаслиги мустаҳкамланган.
Мирзиёевнинг маълумотларига кўра, амалга оширилган чора-тадбирлар туфайли 7,5 миллион кишиқашшоқликдан чиқарилди, 2024 йилга келиб эса унинг даражаси 8,9%гача пасайтирилди. Жорий йил охиригача бу кўрсаткични 6%гача қисқартириш режалаштирилган.
У жорий этилган маҳалла даражасидаги манзилли иш тизими ўзини оқлаганини ҳам қайд этди. Хусусан, ҳар бир хонадон индивидуал режа билан қамраб олинган, зарур ресурслар ажратилган, маҳаллаларда ободончилик, аҳолини қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун ҳар йили 2,5 миллиарддан 3 миллиард долларгача маблағ йўналтирилмоқда.
Қишлоқ аҳолиси даромадларини ошириш доирасида 235 минг гектар пахта ва ғалла экиш майдонлари қисқартирилиб, ўрнига фуқароларга 30-50 сотихдан ер ажратиш бошланди. Бу чора 800 мингдан ортиқ кишининг даромадини оширишга ёрдам берди.
«Бир сўз билан айтганда, ҳар бир маҳаллага ишбилармонлик муҳити, ҳар бир оилага тўкинликкириб борди. Одамлар буни ўз ҳаётларида ҳис қилмоқда. Бундай кенг кўламли саъй-ҳаракатлар туфайли Ўзбекистон қашшоқликни 2030 йилгача икки баравар қисқартириш бўйича ўз мажбуриятини муддатидан олдин бажаришга интилмоқда. Ва бизда 2030 йилгача халқаро мезонлар бўйича мутлақ қашшоқликни бутунлай тугатиш учун барча имкониятлар мавжуд», — деди Президент.
У бундай натижаларга эришишнинг асосий омилларидан бири сифатида Ўзбекистон иқтисодиётининг икки баравар ўсганини кўрсатди. Йил якунларига кўра, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ 3500 долларни ташкил этиши кутилмоқда.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатда халқаро тажриба, ўз ташаббуслари ва янги ечимларни синовдан ўтказишни ҳисобга олган ҳолда қашшоқликни қисқартириш бўйича Янги Ўзбекистон модели ишлаб чиқилди.
Биринчи навбатда, ўтиш босқичининг муҳим воситаси сифатида манзилли «ижтимоий дафтарлар»жорий этилди, бу эҳтиёжманд оилаларни тўлиқ қамраб олиш имконини берди.
Унинг маълум қилишича, пандемия йилларида 800 минг оила бепул дори-дармон, 255 минг оила озиқ-овқат, 1,2 миллион киши ижтимоий нафақалар олган. Бу чоралар 5,2 миллиондан ортиқ одамни қашшоқликдан ҳимоя қилишга ва иқтисодий рецессиянинг олдини олишга имкон берди, деди давлат раҳбари.
Мутлақ қашшоқлик — бу минимал яшаш даражасидир. Мутлақ қашшоқлик инсоннинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини (озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой, асосий гигиена, тиббий ёрдам, минимал энергия/ёқилғи, ичимлик суви ва санитарияга кириш) қондириш учун ҳам маблағ етишмаслигини англатади. Жаҳон банки мутлақ қашшоқликнинг глобал чегараси сифатида киши бошига кунига 2,15 АҚШ долларини (харид қобилияти паритети бўйича қайта ҳисобланганда) белгилайди. Агар даромад бу чегарадан паст бўлса, мамлакатдан қатъи назар, инсон мутлақ қашшоқликда яшаётган ҳисобланади.
Ўзбекистонда қашшоқлик чегарасини аниқлашда минимал истеъмол харажатлари қўлланилади, бу ойига 669 минг сўмни (кунига 22 минг сўм) ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, келажакда Ўзбекистон аҳолининг турмуш шароитини аниқроқ баҳолаш ва қашшоқликка қарши манзилли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш имконини берадиган кўп ўлчовли қашшоқлик индексини жорий этишни режалаштирмоқда.

