Ўзбекистонда Мудофаа доктринаси ва Миллий хавфсизлик концепцияси қайта кўриб чиқилади

Ўзбекистонда янги чақириқларни ҳисобга олган ҳолда мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ҳужжатларни янгилаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 2026 йил 13 январь куни мамлакат ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Давлат раҳбари «замонавий хавф-хатар ва таҳдидларнинг мазмуни ҳамда кўлами тез ўзгариб бораётгани, мудофаа ва хавфсизлик соҳалари олдига қўйилаётган катта вазифалар»ни инобатга олган ҳолда, 2018 йилдаги Мудофаа доктринаси ва 1997 йилдаги Миллий хавфсизлик концепциясини қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, янги Мудофаа доктринаси Ўзбекистоннинг ҳеч қандай ҳарбий блокларга қўшилмаслик мақомини сақлаб қолишини, кўп томонлама дипломатияга таянишни, шунингдек, юқори технологияларга, ҳарбий мустақилликка ва минтақавий барқарорликни таъминлашга асосланган стратегияни ривожлантиришни таъминлаши керак.

«Умуман олганда, янги доктрина армияни технологик жиҳатдан янгилаш ва илғор ҳарбий ечимларни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши лозим», — дея таъкидлади.

Миллий хавфсизлик концепциясининг янги таҳририни 2018 йилда тайёрлаш режалаштирилган эди, бироқ ҳужжат ўшанда қабул қилинмаган.