
Ўзбекистон Марказий банки муддатли тўлов ёки BNPL (Buy Now, Pay Later — «Ҳозир сотиб ол, кейин тўла») бозорини тартибга солишни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда 26 июнь куни Сенат мажлисида Марказий банк раиси Тимур Ишметов Марказий банкнинг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботида маълум қилди.
Регулятор маълумотларига кўра, 2025 йил 1 январь ҳолатига муддатли тўловлар билан боғлиқ кредит портфелининг умумий ҳажми 8,5 трлн сўмга (тахминан 657,8 млн доллар) етган. Бу сумманинг 26% 2 та микромолия ташкилотига, 7% банкларга ва 67% тадбиркорлик субъектларига тўғри келади.
Прогнозларга кўра, муддатли тўлов бозори ҳар йили бир неча баравар ўсади.
«Муддатли тўлов шартномаларида устама суммаси ёки реал самарали фоиз ставкаси аниқ кўрсатилмайди. Бу қарз олувчиларнинг кредит юкини сезиларли даражада оширади ва банклар ҳамда микромолия ташкилотлари томонидан берилган кредитларнинг ўз вақтида қайтарилмаслиги ва муаммоли кредитларга айланиши хавфини келтириб чиқаради», — деди Тимур Ишметов.
У банклар ва банк бўлмаган ташкилотлар учун қарз олувчининг қарз юки 50%дан ошмаслиги кераклиги ҳақидаги талаб амал қилишини эслатди. Бироқ, муддатли тўлов шартномалари бўйича мажбуриятларнинг аксарияти кредит бюроларининг маълумотлар базаларида қайд этилмайди. Натижада, регулятор раҳбари таъкидлашича, аҳолининг иқтисодиётдаги реал қарз юки ўсишда давом этмоқда.
«Банклар мижозларнинг муддатли тўлов мажбуриятларидан бехабар бўлгани сабабли, қарз юки кўрсаткичидан ошиб кетиб кредитлар бераётган ҳолатларни кузатмоқдамиз. Шундан келиб чиқиб, Марказий банк муддатли тўлов бозорини тартибга солиш учун зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш таклифини киритди», — дея тушунтирди.
Тимур Ишметов регулятор BNPL бозори иштирокчиларига қарши эмаслигини, балки қарз юкининг тўлиқ манзарасини яратиш учун муддатли тўловлар тўғрисидаги маълумотларни кредит бюроларига тақдим этиш мажбуриятини қонунчиликда мустаҳкамлашни таклиф қилаётганини таъкидлади.
Шунингдек, молия ташкилотларини муддатли тўлов шартномалари бўйича устамалар тўғрисида тўлиқ маълумотларни ошкор қилишга мажбурлаш таклиф этилмоқда.
KPMG Caucasus and Central Asia’нинг 2024 йил апрелидаги тадқиқотида айтилишича, POS-молиялаштириш ва муддатли тўлов бозорининг товар айланмаси 2023 йилда 450 млн доллардан 500 млн долларгача баҳоланган. Бозорнинг учдан икки қисмини Uzum Nasiya ва Alif Nasiya эгаллаган.
2027 йилга келиб бозорнинг 1,5-2 млрд долларгача ўсиши прогноз қилинмоқда.
KPMG қайд этишича, POS-молиялаштириш товарларга сотиб олувчилар томонидан тўланадиган устамани назарда тутади, бу 3-12 ойлик муддатли тўловлар учун 0%дан 68%гача ўзгаради. Баъзи бозор иштирокчилари 3-4 ойлик муддатли тўловлар учун устамасиз «классик» BNPLни тақдим этадилар, бунда комиссияни сотувчилар тўлайдилар.
Ўзбекистонда муддатли тўлов хизматларининг даромади 6 йил ичида 25 баравар — 201,3 млрд сўмгача ўсди.
Кредитларга нисбатан талаблар кучайтирилганига қарамай, Ўзбекистон аҳолисининг қарз юки юқорилигича қолмоқда, дея хабар беради Марказий банк. Автокредитлаш сегментида вазият яхшиланган, аммо микроқарзлар бўйича хавфлар ошган. Бир нечта кредити бўлган қарз олувчилар сонининг кўпайиши банклар ўртасида «зарарланиш» хавфини ошириши мумкин.