
Тошкент шаҳар Учтепа тумани жиноят ишлари суди 2025 йил 19 август куни Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган Алишер Турсуновга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқишни бошлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати раҳбари Азиз Абидов маълум қилди.
Иш судья Бобир Раҳимов раислигида биринчи инстанцияда очиқ тарзда кўриб чиқилмоқда.
Айблов хулосасига кўра, Турсунов Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари билан айбланмоқда:
- 156-модда 2-қисми (миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб аҳоли гуруҳлари орасида адоват, муросасизлик ёки низо қўзғатиш мақсадида миллий шаън ва қадр-қимматни камситувчи, фуқароларнинг диний ёки атеистик эътиқодлари туфайли ҳис-туйғуларини ҳақорат қилувчи қасддан қилинган ҳаракатлар…) / 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;
- 244-1-модда 3-қисми «г» банди (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни оммавий ахборот воситалари ёки телекоммуникация тармоқлари, шунингдек, интернетдан фойдаланган ҳолда тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш / 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади);
- 244-3-модда (диний мазмундаги материалларни ноқонуний тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш / 100 дан 200 БҲМгача жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади).
Турсуновга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.
Алишер Турсунов 1974 йил 1 январда Наманганда туғилган. Отаси — ёзувчи, таржимон, журналист ва кўплаб диний-маърифий китоблар муаллифи Аҳмад Муҳаммад Турсун.
1991−1996 йилларда Тошкент Ислом институтида ва Мисрдаги Қоҳирадаги ал-Азҳар университетида таҳсил олган. 2002−2015 йилларда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдан таҳсил олган ва ундан бир қанча ижозат (дарс беришга рухсат) олган.
2023 йил август ойида Мубашшир Аҳмад 2017 йилда асос солинган Azon New Media гуруҳининг барча лойиҳалари ёпилганини эълон қилди (гуруҳ Azon.uz сайти, Azon FM онлайн радиоси, Azon TV онлайн телевидениесини ўз ичига олган). 2023 йил ноябрда тўрт тилда: ўзбек, рус, инглиз ва турк тилларида ишловчи Azon Global портали ишга туширилди.
Ўша йилнинг 28 декабрь куни Туркия ҳуқуқ-тартибот органлари Мубашшир Аҳмадни ҳибсга олди. Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси ўшанда полиция уни уйидан олиб кетгани ва депортация марказига жойлаштирганини маълум қилган эди. 2024 йил 21 февралда у депортация марказидан озод қилинган.
2025 йилнинг февраль ойида Турсуновга нисбатан Жиноят кодексининг 244−2-моддаси 1-қисми (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларни тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш, 5 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) бўйича жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинган, бироқ бу модда айблов хулосасида йўқ.
2025 йил май ойида у Туркияда ҳибсга олиниб, Ўзбекистонга депортация қилинган.