Мопед ва скутерларни бошқариш учун янги тоифадаги гувоҳнома жорий этилмоқда, ўқиш мажбурий бўлмайди

2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда мопед ва скутерларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномасининг «А1» подкатегорияси жорий этилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 25 октябрдаги қарорида назарда тутилган, дея хабар берди Йўл Ҳаракати Хавфсизлиги Хизмати (ЙҲХХ) матбуот хизмати.

«Кўпчилик кутган хушхабар», — деб бошланади хабар. «Энг муҳими — „А1“ тоифасини олиш учун автомактабда ўқиш шарт эмас», у ерда фақат имтиҳон топшириш кифоя, дея қайд этди ЙҲХХ.

2025 йил 1 октябрдан бошлаб мопед ва скутерларни бошқариш учун 180 соат назарий ва 20 соат амалий машғулотларга қатнаш билан «А» (мотоцикллар) тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиш талаби жорий этилган эди. Ҳайдовчилар, шунингдек, транспортни мажбурий давлат рўйхатидан ўтказиши ва давлат рақами белгиларини олиши лозим эди. Дастлаб янги талаблар 2025 йил 1 мартдан кучга кириши керак эди, аммо ҳукумат бу талабнинг кучга киришини 1 октябргача кечиктирган эди.

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга номзодлар энди тўғридан-тўғри имтиҳон топширишлари мумкин. Курсни тугатганлик ҳақидаги ҳужжат талаб қилинмайди. Ўқишни истакка кўра онлайн, ўқув марказларида ўтиш ёки мустақил тайёргарлик кўриш мумкин.

ЙҲХХда аниқлик киритилишича, «А1» тоифаси бўйича назарий имтиҳон топшириш учун 20 та тест саволидан 16 тасига тўғри жавоб бериш кифоя (аввал 18 та эди).

Бундан ташқари, «А», «В», «С» ва «D» тоифали гувоҳномалар эгалари қўшимча гувоҳномасиз «А1» тоифасидаги транспорт воситаларини бошқаришлари мумкин.

Расмий маълумотларга кўра, янги талаблар жорий этилгунга қадар озиқ-овқат ва товарларни етказиб бериш соҳасида 130 мингдан ортиқ киши курьерлик фаолияти билан шуғулланган, уларнинг аксарияти мопед ва скутерлардан фойдаланган. Чекловлар жорий этилгандан сўнг, уларнинг кўпчилиги ё бу ишни тарк этган ёки велосипед, самокат ва пиёда етказиб беришга ўтган.

Курьерлар ва жамоатчилик бу талабларни юмшатишга чақириб, оила аъзолари курьер бўлиб ишлайдиган оилаларнинг иқтисодий аҳволи ёмонлашиш хавфи борлигини кўрсатган эди.

Ҳукумат енгиллик аҳолининг иқтисодий фаоллигини оширишга, унинг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлашга, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга ва мототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олишни соддалаштиришга хизмат қилишини қайд этди.