
2025 йилнинг 1 октябридан бошлаб Ўзбекистонда мопед ва скутерларни бошқаришнинг янги тартиби кучга киради. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 12 апрелдаги 224-сонли қарорига мувофиқ, ушбу транспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати 2025 йил 30 сентябрга қадар узайтирилган эди. Шу санадан кейин рўйхатдан ўтмаган транспорт воситаларини бошқаришга йўл қўйилмайди.
2025 йил 1 октябрдан қандай талаблар кучга киради?
1 октябрдан бошлаб мопед ва скутерларни бошқаришга фақат қуйидаги икки шарт бажарилганда рухсат берилади:
- Давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиши (давлат рақамига эга бўлиши).
- «А» тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси мавжуд бўлиши.
Эндиликда ҳар бир мопед ёки скутер эгаси транспорт воситасини расман ҳисобга қўйиши ва давлат рақами белгисини олиши шарт.
Мопед ва скутерларни рўйхатдан ўтказиш тартиби қандай?
Рўйхатдан ўтказиш учун яшаш жойингиздаги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг рўйхатдан ўтказиш-имтиҳон олиш бўлимига мурожаат қилишингиз ва қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишингиз керак:
- Маркаси, модели, рама ва моторнинг серия рақами, тўлиқ массаси ва бошқа маълумотлар кўрсатилган техник ҳужжатлар.
- Сотиб олинганлик ёки мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат (масалан, квитанция ёки чек).
- Агар юқоридаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, транспорт воситасини қачон ва қаерда сотиб олганингиз кўрсатилган тушунтириш хати.
Мопедни қонунийлаштириш қанчага тушади?
Мопед ёки скутер эгалари учун янги талабларга риоя қилиш анчагина харажат талаб этади. Қуйидаги харажатлар кутилмоқда:
- Ариза топшириш: 41 200 сўм
- Техпаспорт (рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси): 288 000 сўм
- Ҳисобга қўйиш (рўйхатдан ўтказиш): 618 000 сўм
- Давлат рақами (госномер): 618 000 сўм
Бундан ташқари, «А» тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун мажбурий ўқиш ва имтиҳондан ўтиш талаб қилинади:
- Ўқув курси (тахминий нарх): 2 млн сўмгача
- Ҳайдовчилик гувоҳномаси учун давлат божи: 288 400 сўм
Умумий ҳисобда, мопед ёки скутердан қонуний равишда фойдаланиш учун сарфланадиган харажатлар 4 млн сўмга яқин маблағни ташкил этиши мумкин.
2025 йил 1 октябрдан сўнг рўйхатдан ўтмаган ва гувоҳномасиз бошқарувчи ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилиши мумкин.