
Мутахассислар кенгаши 2026 йил февраль ойи охирида АҚШ ва Исроил зарбалари натижасида ўлдирилган оятуллоҳ Али Хаменеийнинг ўғли Можтаба Хаменеийни янги олий раҳбар этиб сайлади, деб хабар бермоқда Reuters.
«Ҳал қилувчи овоз бериш натижасида Мутахассислар кенгаши оятуллоҳ Сейид Можтаба Ҳусайний Хаменеийни Эрон Ислом Республикаси муқаддас тизимининг учинчи раҳбари этиб тайинлади», — дея агентлик кенгаш баёнотидан иқтибос келтиради.
56 ёшли Можтаба Хаменеий Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) билан яқин алоқаларга эга ва Эроннинг янги раҳбари лавозимига асосий номзодлардан бири ҳисобланар эди. Ушбу лавозимда Хаменеий мамлакатнинг барча давлат масалалари бўйича ҳал қилувчи сўзга эга бўлади, деб қайд этади агентлик.
Можтаба Хаменеийнинг тайинланиши АҚШ президенти Дональд Трампнинг норозилигига сабаб бўлиши мумкин, деб ёзади Reuters. Ўтган ҳафта Оқ уй раҳбари Вашингтон Эроннинг янги олий раҳбарини танлаш жараёнида иштирок этишни исташини айтган эди. «Биз Эронни келажакка бошлайдиган шахсни танлаш жараёнида иштирок этишни хоҳлаймиз, токи ҳар беш йилда бу масалага қайтиб, ҳаммасини қайтадан бошлашга мажбур бўлмайлик», — деган эди.
Исроил, ўз навбатида, Эроннинг аввалги раҳбарлари йўлини давом эттирадиган ҳар қандай янги раҳбарни зарба бериш учун қонуний нишон деб ҳисоблашини маълум қилган.
Мутахассислар кенгаши умумий сайловларда сайланадиган 88 нафар юқори мартабали шиа уламоларидан иборат бўлиб, Эрон Конституциясига кўра, олий раҳбарни тайинлаш ва лавозимидан четлатиш учун масъул. 1989 йилда Руҳуллоҳ Хумайний вафотидан кейин кенгаш оятуллоҳ Али Хаменеийни мамлакатнинг янги раҳбари этиб сайлаган эди — у Эронни тўрт ўн йиллик давомида бошқариб келди.