Моддий мерос объектлари рўйхатига Вазирлар Маҳкамаси биноси, Савицкий қабри ва Шота Руставели кўчасидаги 22-уй киритилиши режалаштирилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳасига мувофиқ, Ўзбекистон кўчмас мулки моддий мероси объектларининг миллий рўйхатига яна 130 га яқин объект қўшилиши мумкин. Мазкур лойиҳа Маданий мерос агентлиги томонидан ишлаб чиқилган.

Нукус шаҳрида рассом, меценат ва унинг номидаги Давлат санъат музейи асосчиси Игорь Савицкийнинг қабри диққатга сазовор жойлар рўйхатига киритилиши таклиф этилмоқда.

Тошкент шаҳрида эса қуйидагилар меъморий ёдгорликлар сифатида рўйхатга киритилиши кўзда тутилган:

  • Вазирлар Маҳкамаси биноси;
  • Санъатшунослик илмий-тадқиқот институти биноси;
  • Маҳатма Ганди кўчасидаги 32-сонли турар жой биноси;
  • П. Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби бинолари мажмуаси;
  • Бешёғоч кўчасидаги 16 ва 18-сонли тўрт қаватли турар жой бинолари;
  • Шота Руставели кўчасидаги 59-сонли турар жой биноси;
  • Шота Руставели кўчасидаги 22-сонли турар жой биноси.

2023 йилда 22-уйнинг бузилиши мумкинлиги ҳақида маълумот пайдо бўлган эди. Жорий йил бошида Маданий мерос агентлиги 1956 йилда қурилган Сталиндан кейинги давр биносини маданий мерос объектлари рўйхатига киритиш режалари ҳақида хабар берди.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси ва Санъатшунослик илмий-тадқиқот институти бинолари “модернизм объектлари” сифатида қайд этилган.

2024 йилда “Қуёш” институти, “Ўзбекистон” ва “Шодлик” меҳмонхоналари, Санъат музейи, Тошкент телемаркази ва бошқа 10 та модернизм даври бинолари рўйхатга киритилгани хабар қилинган эди.

Кўчмас мулкнинг моддий маданий мероси объектларининг миллий рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги қарори билан тасдиқланган. Унга бир неча бор ўзгартиришлар киритилган.

Рўйхатга киритиш таклиф этилаётган объектларнинг тўлиқ рўйхати билан ҳавола орқали танишиш мумкин. Муҳокама 23 майгача давом этади.