Mobiuz Рақобат қўмитаси кўрсатмасига биноан тарифни ўзгартиришдаги чекловни олиб ташлади

Мобил оператор Mobiuz (UMS компанияси) Ўзбекистон Рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг кўрсатмасига биноан «Mazza!» тариф режасига уланиш шартларини ўзгартирди, дея хабар берди идора матбуот хизмати.

Қўмитанинг таъкидлашича, «Mazza!» тариф режасига ўтиш фақат мобил илова орқали мумкин бўлган, бу эса истеъмолчиларнинг танлаш ҳуқуқларини чеклаган. Шунингдек, абонентнинг аҳволини ёмонлаштиришни тақиқловчи Телекоммуникация хизматлари кўрсатиш қоидаларига зид эди.

«Қўмита кўрсатмаларига мувофиқ, ушбу тарифга ўтиш имконияти нафақат мобил иловада, балки компания офисларида ҳам яратилди ва истеъмолчилар бу ҳақда хабардор қилинди», — дейилади хабарда.

Шикоятларга жавобан, қўмита ҳар ойлик тўловни ечиш учун маблағ етишмаган тақдирда фойдаланувчиларни автоматик равишда кунлик абонент тўловига ўтказиш амалиётини ҳам ўрганди. Автоматик ўтказиш сукут бўйича назарда тутилган бўлиб, кўплаб абонентлар бу ҳақда билишмайди. Улар ушбу хизматни ўчириш мумкинлиги ҳақида ҳам хабардор бўлмасликлари мумкин.

Рақобат қўмитаси кўрсатмасига биноан Mobiuz 2025 йил июнь ойида ўз сайтининг «Янгиликлар» бўлимида «Кунлик абонент тўловига ўтишни тақиқлаш» хизмати ҳақида маълумот жойлаштирди. Бундан ташқари, фойдаланувчиларга хизматни фаоллаштириш ва ўчириш бўйича кўрсатмалар ёзилган SMS юборилди. Шу билан бирга, ушбу хизмат янги абонентлар учун сукут бўйича уланган ҳолда қолмоқда.

Қўмитанинг таъкидлашича, Beeline оператори билан ҳам ойлик ва кунлик абонент тўловларини ҳисоблаш шартларини қайта кўриб чиқиш бўйича шунга ўхшаш ишлар олиб борилмоқда.