
Ижтимоий тармоқларда ва Reddit платформасида Mobiuz мобил операторининг корпоратив тармоғига ҳужум уюштирилгани ҳақида маълумот тарқалди. Хабар муаллифлари тизимлар, маълумотлар базалари ва ҳужжатларга кириш имконига эга бўлганликларини даъво қилишган.
Компания 2026 йил 16 февраль куни берган баёнотида февраль ойида хавфсизлик тизимлари мониторинги давомида компаниянинг асосий тизимларига уланмаган тест серверларидан бирига рухсатсиз кириш ҳолати қайд этилганини маълум қилди. «Сервер қўшимча равишда изоляция қилинди, бу эса ҳодисани маҳаллийлаштириш имконини берди».
«Абонентлар ҳақидаги маълумотлар, уларнинг шахсий ва молиявий маълумотлари сақланадиган тизимлар тўлиқ ҳимояланган ҳудудда жойлашган. У ерга кирилгани ҳақида ҳеч қандай из топилмади. Сервислар иши бузилмаган, мижозларнинг шахсий маълумотлари сизиб чиқиши содир бўлмади», — дейилади баёнотда.
Компанияда таъкидланишича, масъул органлар билан биргаликда ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда ва ахборот тизимлари ҳимоясини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар мажмуи амалга оширилмоқда.
«Критик инфратузилма кўп босқичли хавфсизлик тизимлари билан ҳимояланган. Компаниянинг барча сервислари одатдаги режимда ишламоқда. Ҳодиса муносабати билан ҳеч қандай узилишлар бўлмади», — дея қўшимча қилди оператор матбуот хизмати.
2025 йилда компания мутахассислари турли жадалликдаги 10 мингтадан ортиқ DDoS-ҳужумларни, жумладан 180 тадан ортиқ критик ҳужумларни қайтарган. 68 мингтадан ортиқ фишинг ҳаволалари ва фирибгарлик сайтлари блокланган, тармоқ инфратузилмасига рухсатсиз киришнинг 3 та уриниши олди олинган, дея хабар берди компания.