Мисрда чет элликларнинг мамлакатда бўлиш қонунийлиги бўйича оммавий текширувлар ўтказилмоқда

Мисрда чет элликлар, жумладан талабаларнинг мамлакатда бўлиш қонунийлиги бўйича текширувлар тезлашди, бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси хабар берди.

Дипломатик миссия вакиллари Наср-сити ҳудудида жойлашган полиция бўлинмалари билан музокаралар олиб борди.

Элчихона маълумотларига кўра, 2025 йил 13 май ҳолатига кўра бошқа чет элликлар қаторида миграция қоидаларини бузганлик учун 5 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам қўлга олинган. Элчихонанинг аралашуви ва унинг мамлакатда қонуний равишда бўлиб турганини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганидан сўнг улардан бири озод қилинди. Қолган қўлга олинган фуқароларга нисбатан ҳуқуқий баҳо берилади ва маҳаллий қонунчиликка мувофиқ қарор қабул қилинади.

Ўз вақтида ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон элчихонаси шу каби текширувлар давомида ўзбекистонликларнинг қўлга олиниш ҳолатлари ҳақида зудлик билан қуйидаги телефон рақамларига хабар беришни тавсия қилади: +20233364516, +20233361723 ва Telegram: @shtabegypt.

Ўзбекистон фуқаролари Мисрда бўлиш қоидаларига қатъий риоя қилишга ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар, яшаш гувоҳномаси (иқома) ёки талабалик билетини доимо ёнида олиб юришга чақирилди.