
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 16 март куни Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ташриф буюрди ва 3-мис бойитиш фабрикасининг (3-МБФ) очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, «Ёшлик-1» ва «Қалмоққир» конларида қарийб 45 млн тонна мис ва 5000 тоннадан ортиқ олтин захиралари мавжуд. Ушбу ресурслар соҳани камида 100 йил давомида кафолатланган хомашё базаси билан таъминлаш учун етарли эканини таъкидлади. Бундан ташқари, руда таркибидаги камёб металлар — молибден, селен, теллур ва рений — қайта ишлашнинг инновацион йўналишларини ривожлантириш учун асос бўлади.
Қиймати 2,7 млрд долларлик 3-мис бойитиш фабрикаси лойиҳаси кон-металлургия соҳасини ривожлантиришнинг асосий бўғини сифатида қаралмоқда. Шавкат Мирзиёев бу шунчаки янги корхона эмас, балки табиий ресурсларни чуқур қайта ишлаш ва мамлакат саноат салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи замонавий саноат мажмуаси эканини қайд этди.
Хомашё базасини ривожлантиришга мисол тариқасида «Ёшлик-1» кони келтирилди. Яқин вақтгача уни ўзлаштириш мураккаб лойиҳа ҳисобланган бўлса, жорий йилда кондан 20 млн тонна руда қазиб олиш режалаштирилган, яқин икки йилда эса бу кўрсаткич 60 млн тоннага етади. 3-МБФ тўлиқ ишга тушгач, Олмалиқ комбинатида мис концентратининг кунлик ишлаб чиқариш ҳажми 2400 тоннадан 5000 тоннагача ошиши кутилмоқда.
Лойиҳа доирасида 6000 дан ортиқ юқори даромадли иш ўринлари яратиш кўзда тутилган бўлиб, уларнинг салмоқли қисми ёш мутахассислар учун мўлжалланган. Фабрикада АҚШ, Германия, Россия, Хитой ва Финляндиянинг тоғ-кон саноатидаги илғор технологиялари жорий этилмоқда. Барча технологик жараёнлар рақамлаштирилади ва сунъий интеллект асосидаги ягона бошқарув тизимига бирлаштирилади.
Шавкат Мирзиёев 3-мис бойитиш фабрикаси «Янги Ўзбекистон кон-металлургия саноатини янги технологик босқичга олиб чиқишига» ишонч билдирди. Давлат раҳбари фабрика қурилишида иштирок этган барчага: ишчи ва хизматчилар, қурувчи ва машинасозлар, муҳандис ва технологлар, геолог ва кончилар, ўз тажрибасини ёшларга улашаётган соҳа фахрийлари ҳамда лойиҳани амалга оширишга ҳисса қўшаётган хорижий ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.
2021 йил декабрида «Ёшлик-1» кони 11 минг гектар майдонни эгаллаши ва қидирилган захиралар ҳажми бўйича энг йирикларидан бири экани хабар қилинган эди. Унда олтин, мис, кумуш, молибден ва селен каби 13 турдаги қимматбаҳо ва камёб металлар мавжуд. Уларни қайта ишлаш учун ОКМКда учинчи мис бойитиш фабрикаси қурилди.
3-МБФ пойдевори 2021 йил 29 июлда қўйилган эди. Лойиҳанинг умумий қиймати (конни ўзлаштириш, фабрика ва инфратузилмани қуриш билан бирга) 4,6 млрд долларга баҳоланган (кейинчалик 5,3 млрд долларгача кўтарилди). Заводнинг ўзини қуриш қиймати 2 млрд доллар (якунда 2,7 млрд доллар) деб баҳоланган. Қурилиш ишлари билан Enter Engineering ва Россиянинг «Уралмашзавод» компаниялари шуғулланган. Улар объектни 2023 йилда топширишни режалаштирган эди, давлат дастурида 2023 йил август ойи кўрсатилган эди.