«Бу Ўзбекистон ва ёшлар учун янги имкониятлар яратади». Президент МОФ-3 мис фабрикасининг очилиши ҳақида

Ўзбекистонда «Ёшлик I» конини ўзлаштириш доирасида Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 3-мис бойитиш фабрикаси (МОФ-3) очилишига тайёргарлик кўрилмоқда. Бу ҳақда 2025 йил 24 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркда «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендиатлари билан учрашув чоғида маълум қилди.

«Биз илм-фанни ривожлантирдикқишлоқ хўжалигини трансформация қилдик, кластерлар яратдик — қизиқиш пайдо бўлди, рақобат юзага келди», — деди давлат раҳбари («Ўзбекистон 24» телеканали сюжетидан иқтибос).

«Бошқа соҳаларда ҳам ютуқлар бор: биз яқинда мис конини очамиз. Бошлаганимизда, 72 минг тонна мис ишлаб чиқарардик. Ҳозир 158 минг тонна ишлаб чиқармоқдамиз. Яқин келажакда янги фабрика очамиз. У 150 минг тонна мис беради. Лекин биз бу билан тўхтаб қолмаймиз, шунингдек, МОФ-3, МОФ-4, МОФ-5, МОФ-6 ларни ҳам режалаштирмоқдамиз», — дея маълум қилди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари бу барча саъй-ҳаракатлар мамлакатни ривожлантириш ва ёш авлод учун имкониятлар яратишга қаратилганини таъкидлади.

МОФ-3

3-мис бойитиш фабрикаси — Ўзбекистоннинг рангли металлургиясидаги энг йирик инвестиция лойиҳаларидан бири. Унинг лойиҳавий қуввати йилига 60 миллион тонна мис рудасини ташкил этиб, уни бутун постсовет ҳудудидаги энг йирик бойитиш мажмуаларидан бирига айлантиради.

«Ёшлик I» кони — Ўзбекистондаги энг йирик конлардан бири бўлиб, унинг тасдиқланган захиралари 3 миллион тоннадан ортиқ мис, шунингдек, молибден ва бошқа элементларни ташкил этади. Конни ўзлаштириш ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини қуришга киритилган умумий инвестиция ҳажми 5,3 млрд долларга баҳоланмоқда. Конни ўзлаштириш ва МОФ-3 ни ишга тушириш ОКМКга рудани қайта ишлаш ҳажмини деярли икки баравар ошириш ва мис концентрати экспортини сезиларли даражада ошириш имконини беради.

2024 йил октябрда Ўзбекистон Президенти ОКМКнинг 4-мис бойитиш фабрикаси (МОФ-4) қурилишига старт берган эди.

«Мис бўйича йирик корхоналар — МОФ-1, МОФ-3, МОФ-4 ва МОФ-5. Келажакда биз [мис ишлаб чиқаришни] 500 минг тоннагача оширмоқчимиз», — деган эди ўшанда Президент. 2023 йилда ОКМКда 148 минг тонна мис ишлаб чиқарилган.

Халқаро баҳоларга кўра, Олмалиқдаги миснинг ялпи захираси 45 миллион тоннани, олтин эса 5000 тоннадан ортиқни ташкил этади. Бу дунёдаги энг йирик кўрсаткичлардан бири.

МОФ-3 қурилиши учун Enter Engineering ва Россиянинг «Уралмашзавод» компаниялари танланган. Ўшанда лойиҳа 2 млрд долларга баҳоланган, уни амалга ошириш муддати 2023 йилга мўлжалланган эди. Дастлаб лойиҳани SFI Management Group назорати остидаги Renaissance Heavy Industries амалга ошириши керак эди, аммо 2021 йил февралида улар лойиҳадан чиқариб ташланган.