Ўзбекистонлик таниқли бошловчи, «Оталар сўзи — ақлнинг кўзи» кўрсатувининг кўп йиллик муаллифи ва бошловчиси Мираббос Мирзааҳмедов вафот этди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, бошловчи ва режиссёр Мираббос Мирзааҳмедов 2025 йил 19 ноябрь куни 85 ёшида вафот этди. Президент Шавкат Мирзиёев ва бошқа расмий шахслар марҳумнинг вафоти муносабати билан таъзия изҳор этди, дея хабар берди давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

«Тан олинган санъат устаси, самимий ва камтарин инсон, ёшларнинг ғамхўр устози Мираббос Мирзааҳмедовнинг ёрқин хотираси қалбимизда мангу қолади», — дейилади мактубда.

Мираббос Мирзааҳмедов 1941 йил 30 сентябрда Тошкентда туғилган. Мактабни тугатгач, Тошкент театр ва рассомлик институтига (ҳозирда Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти) ўқишга кириб, кино ва театр актёри мутахассислигини эгаллаган.

Меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Телерадиокомпаниясида режиссёр ёрдамчиси сифатида бошлаган. У 60 йилдан ортиқ «Ёшлар» таҳририятида режиссёр ва бош режиссёр, «Ўзбекистон» телеканалида олий тоифали режиссёр, 40 йилдан зиёд «Оталар сўзи — ақлнинг кўзи» кўрсатувининг муаллифи ва бошловчиси бўлиб ишлаган.

Унинг раҳбарлигида долзарб мавзуларда ва турли жанрларда теледастурлар, радиоэшиттиришлар ва бадиий фильмлар яратилган. У суратга олган «Баҳор қайтмайди», «Излайман», «Қалбингга қулоқ сол», «Баҳс», «Уч илдиз», «Дунёнинг ишлари» телефильмлари маданият тарихида алоҳида из қолдирган.

У «Оталар сўзи — ақлнинг кўзи» кўрсатуви орқали жамият эътиборини муҳим ижтимоий-маънавий масалаларга, оилага ва Ватанга муҳаббат, ҳурмат, одоб-ахлоқ, меҳр-шафқат, айниқса ёшлар ўртасида тарбияга қаратиб келган.