
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 1 апрель куни Тошкент четида Миллий дендрология боғини ташкил этишга старт берди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.
Шу куни Тошкент вилоятининг Қибрай туманида, Тошкент давлат аграр университети ва Green University яқинида барпо этиладиган боғнинг дастлабки 5 гектарига манзарали дарахтлар экилди. Унинг умумий майдони 108 гектарни ташкил этади. Йил давомида бу ерда «фан — лойиҳа — амалиёт» тамойили асосида ишловчи in vitro лабораторияси, доривор ўсимликлар, уруғчилик ва селекция марказлари фаолияти йўлга қўйилади.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси матбуот хизматининг аниқлик киритишича, жами 3000 туп қайрағоч, каштан, қайин, чинор, эман, япон софораси, форзиция, шарқ туяси, лола дарахти ва мажнунтол каби дарахт кўчатлари экилган.
Ушбу тадбир билан бир вақтда мамлакатнинг барча ҳудудларида 164 гектар майдонда 88 минг туп дарахт экилди — кенг кўламли акцияда 21 мингга яқин киши иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Шавкат Мирзиёев «Яхшидан боғ қолади», «Бир ниҳол эксанг, минг савоб», «Фарзанд туғилса ёки тўй қилсанг — дарахт эк» каби халқ нақлларини эслатиб, бугунги кунда бундай миллий қадриятлар ҳар қачонгидан ҳам долзарб эканини таъкидлади.
У маҳалла раислари, нуронийлар ва барча фаол аҳолини миллий урф-одат, анъана ва қадриятларни янада кенгроқ тарғиб қилишга, клуб ва бирлашмалар тузиб, ҳар бир кўчада, ҳар бир хонадонда, йўл бўйларида кўчат ва гуллар, қир-адирларда эса дарахт ва буталар экишга бош-қош бўлишга чақирди.
Давлат раҳбари дарахт экишда иштирок этган БМТ Ўрмонлар бўйича форуми раиси Исмоил Белен, форум котибияти директори Жульет Биао, хорижий давлатлар дипломатик корпуси вакиллари ва бошқа барча иштирокчиларга миннатдорлик билдирди.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси
2021 йил ноябрь ойида Ўзбекистонда ҳар йили 200 миллион туп кўчат экиш бўйича «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасига старт берилган эди. 2025 йилда лойиҳа доирасида 266,484 миллион туп кўчат экилди.
Расмий маълумотларга кўра, ўтган давр мобайнида 2000 гектардан ортиқ майдонда 942 та боғ ва жамоат парклари ташкил этилди, 47 та массивда «Янги Ўзбекистон» боғлари барпо этилди. Тоғли, чўл ва дашт ҳудудларида 256 минг гектар ўрмонлар яратилди. Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда ҳимоя ўрмонзорлари шакллантирилди. 33 та туманда 60 км узунликдаги ҳимоя «яшил белбоғи» яратилди.
2025 йили Хўжайли, Янгибозор, Ғиждувон, Балиқчи ва Оҳангарон туманларида йилига 5,5 миллион туп манзарали дарахт кўчатларини етиштириш имконини берувчи кўчатхоналар иш бошлади. Чўлланишга қарши курашиш мақсадида Хитой тажрибаси асосида жорий йилда Арнасой, Қоракўл, Муборак, Кармана туманлари ва Нукус шаҳрида 50 гектар майдонда илк бор қурғоқчиликка чидамли галофит боғлари ташкил этилди. Бу ерда етиштирилган галофит уруғлари келгусида минглаб гектар ерларнинг шўрланишини камайтириш ва унумдорлигини оширишга ёрдам беради.
«Умуман олганда, қисқа даврда Республикада кўкаламзорлаштириш даражаси 8 фоиздан 14,2 фоизга етди. Ўтган ҳафтада президент томонидан имзоланган янги фармон билан 2030 йилгача мамлакатда умумий кўкаламзорлаштириш даражасини 30 фоизга, аҳоли жон бошига тўғри келадиган яшил майдонларни эса 10 квадрат метрга етказишдек улкан мақсад қўйилди», — деб қайд этди президент матбуот хизмати.
Ҳужжатда, шунингдек, ҳаводаги зарарли PM2,5 ва PM10 заррачалари концентрациясини 20-25 фоизга камайтириш ҳамда иқлими мураккаб ҳудудларда ўртача ҳаво ҳароратини 1,5-2 даражага пасайтириш мақсади белгиланган.
Сурхондарё вилоятида 10 минг гектар майдонда «яшил ҳудуд», Сирдарё вилоятида 84 км узунликдаги «яшил тўсиқ» яратилади. Қорақалпоғистонда 1 миллион гектар, Навоий ва Бухорода 300 минг гектардан ҳамда Хоразмда 85 минг гектар чўл ерларида янги ўрмонлар барпо этилади.
Ҳар бир вилоят ҳокими камида 100 гектар майдонда ботаника боғлари ва дендрология паркларини ташкил этиш, шунингдек, камида 20 та салқин сайр йўлакларини ташкил этиш учун масъул бўлади.
Президент ҳозирги экологик шароитда маҳаллий шароитга мослашган дарахт турларини танлаш ва экиш бўйича Халқаро молекуляр аллергология маркази тавсиялари муҳимлигини таъкидлади.
Бу йилдан бошлаб ҳар бир ҳудудда «яшил» техникумлар фаолияти йўлга қўтилиб, дуал таълим асосида йилига 10 минг мутахассис тайёрлаш режалаштирилган. Ботаника боғлари ва дендропарклар ушбу техникум ўқувчилари учун амалиёт базаси, олимлар учун эса илмий-тадқиқот майдончаси бўлади.
Шавкат Мирзиёев жойларда яшил ҳудудлар яратишда аҳоли ва депутатлар иштирокини кенгайтиришни таклиф қилди. Агар илгари «Менинг боғим» дастури доирасида ҳар бир лойиҳага бюджетдан 250 млн сўмгача ажратилган бўлса, энди бу маблағ 400 млн сўмгача оширилади. Ҳар бир боғ ва жамоат парки учун аҳолининг ўзлари танлаган, яшаш жойларига яқин ва сув билан таъминланган ҳудудлардан 1 гектаргача ер ажратилади.
Бундан ташқари, жорий мавсумдан бошлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ҳар бир депутатига ўз сайлов округида яшил ҳудуд ва яшил боғ ташкил этиш учун 412 млн сўмдан маблағ ажратилади.