Мигрантларга Москва ва Москва вилоятида геолокацияни назорат қилиш учун «Амина» иловасини ўрнатиш талаби қўйилмоқда

2025 йил 1 сентябрдан Россия Федерациясининг Москва шаҳри ва Москва вилоятида «Амина» мобил иловаси ёрдамида хорижий фуқароларнинг турган жойини ҳисобга олиш бўйича экспериментал тартиб жорий этилмоқда. Бу амалдаги миграция ҳисоби тартиби ўрнини босади, дея хабар берди «Кўп функцияли миграция маркази» (ММЦ Сахарово).

Иловани ўрнатиш Москва ва Москва вилоятига ишлаш учун келаётган Ўзбекистон, Тожикистон,кистон, Қирғизистон, Арманистон, Қозоғистон, Грузия, Озарбайжон, Молдова ва Украина фуқаролари учун мажбурийдир.

«„Амина“ мобил иловаси Москва ва Москва вилоятида рўйхатдан ўтишнинг ягона йўли», дейилади сайтдаги хабарда.

Хорижликлар иловани ММЦ ёки Россия ИИВ органларига бормасдан мустақил равишда ўрнатишлари мумкин. Аммо унда авторизациядан ўтиш учун ММЦда расмийлаштириладиган хорижий фуқаронинг амалдаги картаси талаб қилинади.

Илова Россия ИИВга геолокация тўғрисида маълумотларни юборади. «Агар у бир неча кун давомида маълумотларни юбормаса, хорижий фуқарога турган жойини тасдиқлаш ёки ИИВга унинг ўзгаргани ҳақида хабар бериш зарурлиги тўғрисида билдиришнома юборилади. Бунинг учун ички ишлар органларига ёки ММЦга бориш талаб этилмайди», дейилади хабарда.

Агар абонент қурилмасининг геолокацияси тўғрисидаги маълумотлар 3 иш кунидан ортиқ вақт давомида мавжуд бўлмаса, хорижлик ММЦ манзили бўйича рўйхатдан чиқарилади. ММЦ хорижий фуқаронинг Назорат қилинадиган шахслар реестрига киритилишига асос бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Россия расмийлари Москва ва Москва вилоятидаги меҳнат мигрантларининг геолокациясини мобил илова орқали кузатиб бориш бўйича эксперимент бошлашни режалаштираётгани 2025 йил май ойида Россия Давлат Думаси тегишли қонунни қабул қилганида маълум бўлган эди. Эксперимент 4 йил давом этиши кутилмоқда.