
Ўзбекистонда давлат ижрочилари ва Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ходимларини ижро йиғими ҳисобидан моддий рағбатлантириш тартиби тасдиқланди. Бу Бош прокурорнинг 14 майдаги буйруғида назарда тутилган.
Ижро йиғими — суд ижрочиси томонидан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш бўйича ҳаракатларни амалга оширишда ундириладиган йиғимдир. Йиғим ижро ҳужжатини ихтиёрий равишда ижро этиш муддати тугагандан сўнг қарздордан қуйидаги миқдорларда ундирилади:
- мулкий хусусиятга эга ижро ҳужжатлари бўйича — жисмоний шахсдан ундирилаётган сумманинг 1%, юридик шахсдан 2% миқдорида;
- номулкий хусусиятга эга ижро ҳужжатлари бўйича — жисмоний шахсдан 5 баравар, юридик шахсдан эса минимал иш ҳақининг 10 баравари миқдорида.
Моддий рағбатлантириш харажатлари ижро йиғими маблағларининг 10%ни Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасига ўтказиш ҳисобидан амалга оширилади. Тўловлар миқдори ҳар ой якуни бўйича Ягона электрон ижро ҳужжатлари базаси маълумотлари асосида автоматик тарзда ҳисобланади.
Бюронинг йиғимни бевосита ундирувчи марказий аппарат ходимлари 80% миқдорида, бироқ 3 ЭКИҲдан (3,47 млн. сўм) ошмаган ҳолда устама олишлари мумкин. Қолган давлат хизматчилари учун худди шу чеклов билан лавозим маошининг 20% миқдорида устама назарда тутилган. Ҳудудий бўлинмаларда шартлар ўхшаш.
Туман ва шаҳар бўлимларида тўғридан-тўғри ижро хизмати учун йиғим ундирувчи ходимлар белгиланган сумманинг 80%ини (бошқа ижрочилар — 20%), бироқ 4 ЭКИҲдан (4,62 млн. сўм) ошмаган ҳолда олишлари мумкин.
Мулкий хусусиятга эга бўлмаган ҳужжатлар бўйича ундирилган ижро йиғимининг улуши тўлиқ (лекин 4 ЭКИҲдан ошмаган ҳолда) давлат ижрочисига йўналтирилади.
Давлат ижрочилари қисман ёки соддалаштирилган тартибда ундирув амалга оширилган ишлар бўйича мукофотланмайди. Шунингдек, ижроси тўхтатилган ёки кечиктирилган, шунингдек, бошқа ҳудудга юборилган ва ижро этилмасдан қайтарилган ишлар ҳам бунга кирмайди.
Агар ходим тизимга нотўғри маълумот киритган бўлса ёки бир ойдан ортиқ вақт давомида асосий вазифаларини бажармаган бўлса (ўқиш, декрет, касаллик ва ҳ.к.) тўловлар амалга оширилмайди.