Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 09/12/2025

Malaysia Airlines’нинг MH370 рейси қидируви 30 декабрда қайта бошланади

Malaysia Airlines авиакомпаниясининг Куала-Лумпурдан Пекинга парвоз қилган MH370 рейси Боинг самолёти қолдиқларини қидириш самолёт ғойиб бўлганидан 10 йилдан ортиқ вақт ўтгач, 2025 йил 30 декабрдан қайта бошланади, деб хабар бермоқда Reuters Малайзия ҳукуматига таяниб.

Бу 2025 йил март ойида бошланган, бироқ ёмон об-ҳаво шароити туфайли апрель ойида тўхтатилган қидирувларнинг давомидир.

55 кун давом этадиган қидирув амалиётини Американинг Ocean Infinity геологоразведка компанияси олиб боради.

«Қидирув самолётни топиш эҳтимоли энг юқори баҳоланган мақсадли ҳудудда ўтказилади», — дейилади Малайзия Транспорт вазирлиги баёнотида. Қидирув айнан қаерда ўтказилиши маълум қилинмаган.

Аввал хабар қилинганидек, Ocean Infinity билан шартнома 18 ой муддатга тузилган. Компания қолдиқларни топган тақдирда 70 миллион доллар олади. Агар самолёт қолдиқларини топишнинг имкони бўлмаса, Малайзия ҳукумати компания хизматлари учун ҳақ тўламайди.

Лайнернинг аввалги қидирувларига 26 та давлатдан 60 га яқин кема ва 50 та самолёт жалб қилинган эди. Улар 2017 йилда якунланган. Ocean Infinity 2018 йилда ҳам қидирув олиб борган, лекин ўшанда аҳамиятли қолдиқлар топилмаган.

MH370 рейси ҳақида

Куала-Лумпур — Пекин йўналиши бўйича парвоз қилаётган Boeing 777 самолёти 2014 йил 8 мартда радарлардан ғойиб бўлган. Унинг бортида 12 нафар экипаж аъзоси ва 227 нафар йўловчи бўлган, жумладан 150 нафар Хитой, 50 нафар Малайзия фуқароси, шунингдек, Франция, Австралия, Индонезия, Ҳиндистон, АҚШ, Украина, Канада ва бошқа давлатлар фуқаролари бор эди.

Самолёт Малайзия пойтахтидан учиб кетганидан тахминан 40 дақиқа ўтгач, охирги марта алоқага чиққан. Самолёт Вьетнам ҳаво ҳудудига кирганда транспондер ўчган.

Ҳарбий радар самолётнинг йўналишдан четга чиққанини ва Малайзия шимоли ҳамда Андаман денгизи узра учиб ўтиб, сўнгра жанубга бурилиб, ғойиб бўлганини қайд этган. Лайнернинг баъзи қолдиқлари Африка қирғоқларига ва Ҳинд океанидаги оролларга чиқиб қолган.

2018 йилда эълон қилинган MH370 нинг ғойиб бўлиши ҳақидаги ҳисоботда Boeing 777 нинг бошқаруви атайлаб йўналишдан оғиш учун ўзгартирилган бўлиши мумкинлиги айтилади, аммо терговчилар бунга ким масъул эканлигини аниқлай олмаган. Тергов капитан ва иккинчи учувчининг ўтмиши, молиявий ишлари, тайёргарлиги ва руҳий саломатлигида шубҳали жиҳатларни аниқламаган.

Malaysia Airlines самолётининг ғойиб бўлиши авиациядаги энг сирли ҳодисалардан бири бўлиб қолмоқда, дея қайд этади BBC News. Бу йиллар давомида қидирувларни давом эттиришга чақириқлар янграб келмоқда.

Ҳодиса, шунингдек, учувчи самолётнинг ҳалокатини атайлаб келтириб чиқарган бўлиши мумкинлиги ёки лайнернинг олиб қочилганлиги ҳақидаги тахминларни ўз ичига олган кўплаб фитна назарияларини келтириб чиқарди.