
Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ЕИҲС) 2025 йил 9 июль куни Россияни Украинадаги уруш давомида халқаро ҳуқуқни бузишнинг кенг доирасида, жумладан 2014 йилда Донбасс узра Malaysia Airlines авиакомпаниясининг MH17 рейси қулашида ҳам жавобгар деб топди, дея хабар берди Associated Press.
Агентликнинг қайд этишича, бу халқаро суднинг Россияни Украинадаги уруш билан боғлиқ инсон ҳуқуқлари бузилишида жавобгар деб топган биринчи ҳолат.
Судьялар Украина ва Нидерландия томонидан Россияга қарши киритилган тўртта даъво бўйича қарор қабул қилдилар. Даъволар 2014 йилдан бошлаб ва 2022 йил февралида тўлиқ миқёсли босқин бошланганидан кейинги даврдаги бузилишларни қамраб олади.
ЕИҲС қарорлари асосан рамзий характерга эга, чунки Россия 2022 йилда Европа Кенгашидан чиқариб юборилган.
«[Россия] бажармоқчи эмас. Биз уларнинг [ЕИҲС қарорларини] ҳеч нарсага арзимайди деб ҳисоблаймиз», — деди РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
Malaysia Airlines авиакомпаниясининг Boeing 777 самолёти 2014 йил 17 июль куни Донбасс узра уриб туширилган эди. Натижада 298 киши ҳалок бўлган. Уриб туширилган лайнер бортидаги йўловчиларнинг аксарияти Нидерландиядан эди. Бортда Малайзия, Австралия, Индонезия, Буюк Британия ва бир қатор бошқа давлатлар фуқаролари ҳам бор эди.
Нидерландия, Австралия, Малайзия, Бельгия ва Украина вакилларини ўз ичига олган халқаро тергов гуруҳи MH17 фалокатдан бироз олдин РФдан ўзини эълон қилган ДХР ҳудудига олиб кирилган Россиянинг «Бук» зенит-ракета мажмуасидан отилган ракета билан уриб туширилганини аниқлади. Терговчиларнинг таъкидлашича, РФ президенти Владимир Путин «Бук»ни ДХРга етказиб бериш тўғрисида шахсан қарор қабул қилган деб ҳисоблаш учун «етарли асослар» мавжуд.
2022 йилда Гаага округ суди самолёт қулашида ДХР собиқ мудофаа вазири Игорь Стрелков ва яна 2 кишини айбдор деб топиб, сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.
2025 йил май ойида БМТ Фуқаро авиацияси халқаро ташкилоти ҳам фалокат учун Россияни жавобгар деб топди.

