
Тошкент вилоятидаги Угам-Чотқол тоғ тизимининг бориш қийин бўлган ҳудудида жойлашган Ўзбекистондаги энг юқори тоғ метеорология станцияси — «Ойгаинг» бошлиғи Равшан Ибрагимов Мудофаа вазирлиги Ҳарбий-ҳаво кучлари кўмагида эвакуация қилинди.
2026 йил 5 январь куни Ўзгидромет раҳбарияти ҳарбийларга станция ходими оғир аҳволда эканлиги ва зудлик билан эвакуация қилинишга муҳтожлиги ҳақида хабар берган. Ҳарбий Ҳаво Кучларининг (ҲҲК) навбатчи қидирув-қутқарув Super Puma вертолёти тунги вақтда, тунги кўриш асбобларидан фойдаланган ҳолда станцияга етиб борди.
ҲҲК томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, Ойгаингда қор қалинлиги 80−90 см, ҳаво ҳарорати эса манфий 10 даражани ташкил этган. Экипаж Ўзгидромет ходимини Чирчиқ шаҳридаги шифохонага етказди ва у ерда унга тиббий ёрдам кўрсатилди.
Ўзгидромет матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳозирда ходимнинг аҳволи яхши, у шифокорлар назоратида қолмоқда. Агентлик, шунингдек, ходимга зарур ёрдам кўрсатилаётганини билдирди.
«Ойгаинг» ихтисослаштирилган қор-кўчки станцияси денгиз сатҳидан 2100 метр баландликда жойлашган. Ходимлар бу ерда йил давомида яшаб, фаолият юритадилар. Йилнинг совуқ даврида вертолёт станцияга етиб боришнинг ягона йўли ҳисобланади.

