Соғлиқни сақлаш вазирлиги метапневмовирус бўйича изоҳ берди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) томонидан берилган изоҳга кўра, метапнемовирус анчадан бери таниш ва илк бор 2001 йили кузатилган.

“Касаллик ҳаводаги томчилар ва баъзи ҳолларда ифлосланган сирт орқали ўтиши мумкин. У ҳар йили дунёнинг турли нуқталарида аниқланадиган вирус” – деб таъкидланган хабарда.

Бир кун аввал бу вирус Қозоғистонда аниқлангани ҳақида хабар тарқалган. Ундан ташқари, инсон метапневмовирус штамми мавсумий бошқа ўткир респиратор ва инфекцион касалликлар каби, шу жумладан, грипп ва ҳоказолар атроф-муҳитда актив тарқалган.

Инфекциянинг асосий симптомлари, бошқа ўткир респиратор касалликларда кузатиладиган – бурун битиши, йўтал, тана ҳароратининг кўтарилиши. Баъзи ҳолатларда пневмония ва бронхиолитга айланиши мумкин.

Касални даволашда ўткир респиратор касалликларни даволашда қўлланиладиган усуллардан фойдаланилади. Оғир ҳолатларда, кислород терапияси ёки госпитализация талаб қилиниши мумкин.

Ушбу вирус билан касалланганларнинг аксарияти асоратсиз тузалиб кетишига алоҳида урғу берилган.

Ўзбекистонда ўтказилган лабораториявий изланишлар шуни кўрсатдики, грипп – 39.9%, риновирус – 32.2%, респиратор-синцитиал вирус – 30.6% ва метапневмовирус 1.2% ҳолатларда аниқланган.

Санэпидқўмитанинг тавсияларига кўра, шахсий гигиена (хоналарни шамоллатиш, қўлларни совун билан ювиш, антисептиклардан фойдаланиш) ва инфекцион касалликлар олдини олишга алоҳида эътибор қаратилиши лозим:

Жамоат жойларига (хусусан, кичик ёшдаги болаларни) ташрифларни чеклаш, инфекция белгилари аниқланган ҳолатларда бошқалар билан бевосита алоқасини чеклаш ва ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиш.