
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 15 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда мамлакатнинг айрим фуқаролари хорижда ноқонуний бўлиб турганидан хавотир билдирди.
Президентнинг сўзларига кўра, ўтган йили Россияда 150 мингдан ортиқ фуқарога нисбатан «миграция амнистияси»ни қўллашга эришилди.
Шавкат Мирзиёев бошқа давлатларда ҳам ўзбекистонликларнинг қонуний ишга жойлашишига кўмаклашиш ва бу масала бўйича хорижий мамлакатлар билан музокараларни фаоллаштириш зарурлигини таъкидлади.
Фуқароларнинг ўзлари ҳам бўлиб турган мамлакат қонунчилиги талабларига риоя қилишлари шарт, деб қайд этди президент.
Эндиликда миграция оқими ўсишда давом этаётган давлатларда, айниқса Европада, меҳнат мигрантлари билан ишлаш консулларнинг асосий вазифаси этиб белгиланади, деди давлат раҳбари.
У, шунингдек, хориждаги ўзбекистонликларни консуллик ҳисобига қўйиш тартибини янада соддалаштириш ва ортиқча бюрократияни қисқартириш бўйича топшириқ берди.