
Давлат меҳнат инспекцияси 2025 йил давомида 13 минг нафар ишчи фойдасига 159 миллиард сўм тўланмаган иш ҳақи ундирилишини таъминлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Марат Жўраев 2025 йил 19 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида маълум қилди.
Ушбу қонунбузарликларга йўл қўйган 8259 нафар мансабдор шахсга нисбатан жами 22 миллиард сўмлик маъмурий жарималар қўлланди.
Техника хавфсизлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича текширувлар 7327 та корхона ва ташкилотни қамраб олди. Уларда 11 мингга яқин қонунбузарлик аниқланди.
Ҳисобот даврида мамлакатда ишлаб чиқариш билан боғлиқ 731 та бахтсиз ҳодиса юз берди. Натижада 813 нафар ходим жабрланди, улардан 212 нафари ҳалок бўлди. 535 киши оғир, 26 киши енгил тан жароҳати олди. Тармоқлар кесимида бахтсиз ҳодисаларнинг 198 таси қурилиш соҳасига, 43 таси енгил саноатга, 36 таси транспортга, 35 таси қишлоқ хўжалигига, қолганлари эса бошқа тармоқларга тўғри келди.
Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ўрганиш жараёнида қонунчиликнинг 2372 та бузилиши аниқланиб, мансабдор шахсларга нисбатан 1 миллиард сўмга яқин маъмурий жарима қўлланди, 196 та ҳолат бўйича эса жиноят иши қўзғатилди. Бахтсиз ҳодисалар оқибатида йил бошидан буён ходимлар ва уларнинг оила аъзоларига 6,1 миллиард сўмлик компенсация тўловлари ундирилди.
Вазир ўринбосари норасмий бандликни легаллаштириш масаласига алоҳида тўхталди. Бу борадаги ишлар доирасида меҳнат инспекцияси маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда 17 мингта корхонани инвентаризациядан ўтказди. Бунинг натижасида 80 мингта иш ўрни расмийлаштирилди.
Шунингдек, биринчи вазир ўринбосари меҳнат ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари тез-тез давлат бюджет ташкилотларида, жумладан, ҳокимликлар, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларида қайд этилаётганини таъкидлади.
«Ишдан ноқонуний бўшатиш ҳолатлари айнан давлат бюджет ташкилотларида кўп учрамоқда. Кўп ҳолларда, ҳатто ходим меҳнат интизомини бузган бўлса ҳам, техник ёки ташкилий процедураларга, масалан, ўз вақтида огоҳлантириш, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш кабиларга риоя қилинмагани сабабли унинг ишдан бўшатилиши ноқонуний деб топилади. Натижада судлар ходимларни ишга тиклаш тўғрисида қарор қабул қилади», — деди Марат Жўраев.
Шу муносабат билан, дея қўшимча қилди у, меҳнат инспекцияси Олий суд, Адлия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда қонунчиликни, жумладан, ишдан бўшатиш ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартибини такомиллаштириш устида иш олиб бормоқда.
Марат Жўраевнинг сўзларига кўра, вазирлик сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда меҳнат муносабатлари бўйича онлайн савол-жавоб тизимини жорий этиш устида ишламоқда. Фуқароларга онлайн маслаҳат олиш имконини берувчи 10 мингта савол ва жавобдан иборат база яратиш режалаштирилган.

