Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 23/02/2026

Судлар матбуот хизмати Тошкентдаги меҳмонхонада содир бўлган шилқимлик иши бўйича изоҳ берди

Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати жинсий шилқимлик моддаси бўйича беш суткалик қамоқ жазосини олган наманганлик банк ходимига оид суд қарори юзасидан изоҳ берди.

Баёнотда қайд этилишича, 2025 йил 25 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиққан. Эркакнинг ҳаракатларида жинсий эркинликка қарши жиноят аломатлари бўлиши мумкинлиги ҳақидаги важлар сабабли, суд материалларни қўшимча текшириш ўтказиш ва жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал қилиш учун туман прокуратурасига юборган.

Такрорий текширув натижаларига кўра, жиноят аломатлари тасдиқланмаган, дейилади хабарда.

Шу муносабат билан, материаллар яна Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси 1-қисми (жинсий шилқимлик) бўйича судга юборилган. Ушбу моддада шахсга нисбатан унинг учун номақбул бўлган ҳамда шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайдиган, шахснинг ташқи кўринишини ёки қоматини таърифлашда, ишора қилишда, тегинишда, чақиришда ифодаланган, жинсий мойилликка эга бўлган бир марталик қўпол ёки бир неча бор содир этилган ҳаракатлар назарда тутилган.

Судья Ж. Қурбонов эркакни айбдор деб топди ва унга ушбу модда санкциясида назарда тутилган энг юқори жазони — 5 сутка муддатга маъмурий қамоқни тайинлади.

Аввал хабар берилганидек, воқеа 2025 йил декабрь ойида Тошкентдаги «Роҳат» меҳмонхонасида содир бўлган. Эркак ва жабрланувчи ҳамкасб бўлишган ва пойтахтга мусобақаларда қатнашиш учун юборилган.

Суд мажлисида эркак айбига иқрор бўлди, бироқ енгилроқ жазо тайинлашни сўради. Жабрланувчининг маълум қилишича, у бирга овқатланишдан бош тортганига қарамай, ҳамкасби хонада қолган. Унинг сўзларига кўра, бир қанча вақт ўтгач, эркак шилқимлик қилишни бошлаб, яқинлик қилишни таклиф этган.

Аёл: «Буни қилгандан кўра ўлганим афзал», деганида, эркак: «Унда ўласан», деб жавоб берган, уни каравотга йиқитиб, ёстиқ билан бўға бошлаган. Аёл бақириб, хонадан чиқиб кетишга ҳаракат қилган, бироқ эркак бунга тўсқинлик қилган.

Муносабат

Иқтисодчи Ботир Қобилов Тошкентдаги меҳмонхонада юз берган шилқимлик иши бўйича суд қарорини шарҳлар экан, бу вазият фуқароларни ҳимоя қилиш тизимига нисбатан жиддий саволларни келтириб чиқаришини айтди.

Унинг сўзларига кўра, жамият аёллар ва қизларни амалда зўравонлар билан юзма-юз қолдирмоқда ва уларни «ё ўлимга, ёки зўрланишга маҳкум қилмоқда».

«Иш материалларида айтилишича, эркак ҳамкасбига шилқимлик қилган, яқинлик қилишни таклиф этган. Қиз: «Буни қилгандан кўра ўлиш афзал», деганида, у: «Унда ўласан», деб жавоб берган, уни йиқитиб, ёстиқ билан бўға бошлаган. Шундай ҳолатдан кейин 5 суткалик қамоқ ҳақида ўқиш — буни адолатли жазо сифатида қабул қилиш имконсиз», — деб таъкидлади Қобилов.

У тайинланган 5 суткалик маъмурий қамоқ жазо эмас, балки расмиятчиликка ўхшаб кўринишини таъкидлади. «Бу ҳақиқий жавобгарликдан кўра кўпроқ ўзбошимчалик билан қилинадиган жазодан (самосуд) ҳимоя қилишга ўхшайди», — деб ҳисоблайди иқтисодчи.

Қобиловнинг фикрича, агар амалдаги қонунчилик бундай ҳаракатлар учун шунчалик енгил жазони назарда тутса, қонун нормаларини қайта кўриб чиқиш зарур.

«Агар биз ҳатто шуни ҳам қила олмасак, унда парламентнинг роли ҳақида савол туғилади. Давлатнинг асосий ва базавий функцияси — бу одамлар хавфсизлиги. Қолган ҳамма нарса — ЖСТга аъзо бўлиш, олтин экспорти, миллионлаб дастурчиларни тайёрлаш — иккинчи даражали. Фуқаролар хавфсизлигисиз ҳар қандай иқтисодий ютуқлар ўз маъносини йўқотади», — деди.