Ўзбекистонликлар MyID орқали идентификациядан ўтиб, ҳужжатсиз меҳмонхоналарга жойлашиши мумкин

Ўзбекистон фуқаролари Ягона миллий туризм платформаси орқали меҳмонхонада жой банд қилган тақдирда, шахсни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмасдан MyID тизимида идентификациядан ўтишлари мумкин бўлади. Бу ҳақда президентнинг туристлар оқимини кескин ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонида айтилган.

Ягона миллий туризм платформасига уланган меҳмонхона ва отелларнинг шахсий кабинетларида меҳмонларни QR-код ёки юзни таниш тизими орқали идентификация қилиш функцияси мавжуд бўлади.

Ягона миллий туризм платформасини 2025 йил 1 сентябрдан тест режимида ишга тушириш режалаштирилган. Унда маҳаллий ва хорижий туристлар учун барча турдаги хизматларни, жумладан, жойлаштириш воситаларини онлайн банд қилиш, автотранспортни ижарага олиш ва такси чақириш, автобус, самолёт ва поезд чипталарини, музейлар ва диққатга сазовор жойларга чипталарни сотиб олиш, гид ва экскурсия хизматларини бирлаштириш режалаштирилган.