Мебель саноати учун 14 турдаги импорт хомашёсига божхона божлари камайтирилади

Ўзбекистонда мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун импорт хомашёсига божхона божлари пасайтирилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2025 йил 26 май куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум бўлди, дея хабар берди давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Хабар қилинишича, мебелнинг таннархида импорт хомашёсининг улуши 50-60%ни ташкил этади. Ишлаб чиқарувчилар маҳсулот таннархини арзонлаштириш мақсадида фурнитура, аксессуарлар, бўёқ, елим, ДСП ва бошқа материалларга божларни пасайтиришни сўраб мурожаат қилишган.

«Маҳсулотимиз рақобатбардош бўлиши учун мен бунга рухсат бераман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари 14 турдаги хомашё, фурнитура ва аксессуарларга божхона божини 3 йил муддатга 1%гача тушириш бўйича қарор лойиҳасини киритишни топширди. Бугунги кунда мебель саноатида маҳкамлаш қисмлари ва фурнитурага божхона божлари 5%гача, қоплама матога – 10%, ДСПга – қарийб 10%га етади.

Шунингдек, мебель саноати учун ёғоч ва ёғоч материалларини марказлашган ҳолда импорт қилиш йўлга қўйилади.

Ўтган йили мебель соҳасида 920 та янги корхона иш бошлади. Умумий ишлаб чиқариш ҳажми 6,7 трлн сўмни ташкил этди.

Йиғилишда бу кўрсаткичларни бир неча баробар ошириш учун қатор масалаларни ҳал этиш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, мебелнинг 25-30% уй шароитида тайёрланмоқда. Кўпчилик усталар ҳунармандчиликдан саноат даражасига ўтишга интилмоқда.

Шу муносабат билан якка тартибдаги тадбиркорларга мебель ишлаб чиқариш учун 5 нафаргача ишчи ёллашга рухсат берилади. Бизнес бошламоқчи ёки кенгайтирмоқчи бўлган ёш тадбиркорларга 7 йил муддатга, йиллик 18% ставкада 5 млрд сўмгача имтиёзли кредитлар ажратилади.

Олтинкўл ва Ҳонқа туманларидаги мебель марказларида 100 дан ортиқ корхона замонавий ускуналарни ўрнатиб, серияли ишлаб чиқаришни бошлади. Илгари уй шароитида чекланган шароитларда ишлаган тадбиркорлар энди ягона ишлаб чиқариш комплексларида жойлаштирилиб, кластер тизимида ишламоқда.

Президент Шароф Рашидов, Янги Наманган, Пастдарғом, Ўртачирчиқ, Қува, Бувайда, Юнусобод ва Учтепа туманларида ҳам шунга ўхшаш мебель марказларини ташкил этишни топширди.

Ўтган йили Ўзбекистондан мебель экспорти 20 млн долларга етди. Таъкидландики, сифат, дизайн ва брендинг яхшиланса, экспорт мавжуд қувватлар базасида ҳам 10 баробар ошиши мумкин.

Бунинг учун давлат мебель компанияларининг халқаро сертификатлар олиш, шунингдек, хорижий дизайнерлар, маркетологлар ва муҳандис-технологларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш харажатларининг ярмини қоплаб беради. Халқаро кўргазмаларда ижара компенсацияси билан бирга майдон 20 квадрат метрдан 40 квадрат метргача оширилади.

Шунингдек, малакали мутахассисларни жалб қилиш ва ҳар йили 1000 нафар мебелчини замонавий кўникмаларга ўргатиш топширилди.