Ўзбекистон Марказий банки ривожланган давлатларнинг давлат облигацияларини сотиб олишни режалаштирмоқда

Ўзбекистон Марказий банки АҚШ давлат облигацияларига қўшимча равишда ривожланган мамлакатларнинг давлат облигацияларини сотиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда 2025 йил 19 сентябрь куни медиа-мулоқотда Халқаро захираларни бошқариш департаменти раҳбари Санжар Валиев хабар берди, дея маълум қилди Spot.

Унинг сўзларига кўра, захираларни диверсификация қилиш юқори ликвидлилиги туфайли АҚШ ғазначилик облигацияларини сотиб олишдан бошланган. «Келгусида биз бошқа ривожланган мамлакатларнинг қимматли қоғозларини ҳам кўриб чиқишни режалаштирмоқдамиз», — дея қайд этди.

Шу билан бирга, МБ департаменти директори аниқлик киритишича, гап фақат давлат облигациялари ҳақида кетмоқда, хорижий компанияларнинг акцияларини сотиб олиш ҳақида эмас.

2024 йил май ойида регулятор ўз тарихида биринчи марта хорижий давлат облигацияларига 35 млн доллар сармоя киритган. Кейинроқ, октябрь ойида 65 млн долларлик АҚШ ғазначилик қоғозлари яна сотиб олинган.

Ўзбекистоннинг халқаро захиралари август якуни бўйича 50 млрд доллардан ошди — бу 2013 йилдан бери кузатилган рекорд кўрсаткич. Бунинг 40 млрд доллардан ортиғи (қарийб 80%) олтинга тўғри келади, унинг МБ омборларидаги ҳажми 11,8 млн трой унциясига (367 тонна) етган. Захираларнинг валюта қисми 9,45 млрд долларни ташкил этади. Қимматли қоғозларнинг захиралардаги улуши 2% ёки 1 млрд доллардан сал кўпроқ.

Марказий банкнинг олтин-валюта захиралари миллий иқтисодиёт ва молия тизимининг барқарорлигини қўллаб-қувватлашда асосий роль ўйнайди. Улар кескин тебранишлар юзага келганда миллий валютанинг курсига таъсир қилиш орқали унинг барқарорлигини қўллаб-қувватлаш, кредиторлар олдидаги ташқи мажбуриятларни тўлаш, инқирозли вазиятларда импортни қоплаш, шунингдек, ташқи иқтисодий хавфлардан суғурта сифатида ишлатилиши мумкин.

Захиралар экспорт қилинадиган маҳсулотлар нархининг кескин ўзгаришихалқаро санкцияларглобал молиявий инқирозлар ёки валюта бозорларидаги тебранишлар каби ташқи шоклардан ҳимояловчи «хавфсизлик ёстиғи» ҳисобланади.