Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

«Компаниялар қулай ишлаши учун». Ўзбекистонда махсус IT ва молиявий марказлар ташкил этилмоқда

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга 2026 йил 25 март куни Рақамли технологиялар халқаро маркази ва Халқаро молия марказини ташкил этиш лойиҳалари тақдим этилди.

Рақамли технологиялар халқаро марказини «Enterprise Uzbekistan» бренди остида ташкил этиш режалаштирилган. У ерда 2100 йилгача амал қилувчи махсус ҳуқуқий режим, жумладан, янги ечимларни синаб кўриш, халқаро меҳнат стандартларини қўллаш, иш ҳақини чет эл валютасида тўлаш ва маълумотларни халқаро талаблар асосида қайта ишлаш имконини берувчи «тартибга солиш қумдони» жорий этилади. Шунингдек, инвестициялар ва интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш чоралари, солиқ ва божхона имтиёзлари кўзда тутилган.

Марказнинг асосий йўналишлари сунъий интеллект, рақамли трансформация, R&D, стартаплар ва маълумотлар марказлари бўлади. 2030 йилгача у орқали 1000 тагача компанияни жалб қилиш, 300 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш ва 5 млрд долларлик экспортни таъминлаш мақсад қилинган.

Рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекось рақамли марказни ишга тушириш учун алоҳида қонун лойиҳаси тайёрланганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, амалдаги қонунчилик доим ҳам IT-бизнес хусусиятларини ҳисобга олмайди, масалан, қисқа муддатли шартномалар ёки стартапларнинг ўзига хос устав фонди шаклланиши масалаларида. Марказ доирасида капиталнинг эркин ҳаракати учун шароит яратилади.

Адлия вазири Акбар Тошқулов параллель равишда Халқаро молия марказини ташкил этиш устида иш олиб борилаётганини хабар қилди. У инвестицияларни жалб қилиш ва иқтисодий ўсишни тезлаштириш воситаси сифатида кўрилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилгача марказ қўшимча 20–25 млрд доллар жалб қилиши, ЯИМнинг йиллик 1 фоизлик ўсишини таъминлаши ва 15 мингта иш ўрни яратиши мумкин.

Лойиҳа доирасида Англия ва Уэльснинг умумий ҳуқуқ нормаларини қўллаган ҳолда махсус ҳуқуқий режим жорий этиш, халқаро тижорат суди ва арбитражини ташкил этиш, шунингдек, валюта операциялари ва солиқ имтиёзлари учун шароит яратиш режалаштирилган. Суд резидентлар ўртасидаги низоларни хорижий судьялар иштирокида кўриб чиқади.

Президент қонунчилик базасини пухта ишлаб чиқиш ва халқаро стандартлар бўйича мутахассислар тайёрлашни топширди.

IT-компаниялар учун алоҳида ҳуқуқий режим яратиш ғояси 2023 йил декабрида президентнинг Рақамли технологиялар вазирлигига ташрифи чоғида муҳокама қилинган эди. 2024 йил февралида президент Рақамли технологиялар халқаро марказини (Enterprise Uzbekistan) ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Июль ойида IT Park ва EY Uzbekistan марказ учун «тартибга солиш қумдони» моделини ишлаб чиқиш бўйича келишув имзоладилар.