Ўзбекистонда транспорт воситасини маст ҳолатда қайта бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилмоқда. Бу Сенатнинг 2025 йил 24 январдаги йиғилишида қабул қилинган қонунда назарда тутилган.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов ЙТҲлар ва уларда ҳалок бўлганлар ҳақидаги статистикани эълон қилиб, бу ҳолатлар сабаби фуқароларнинг қонунчиликда белгиланган масъулиятни инкор этиши ҳамда йўл ҳаракати қоидаларини билмаслиги эканини таъкидлади.
Сенат маълумотларига кўра, 2021 йилда маст ҳолатда автоулов бошқаришга оид 40 542 та қоидабузарлик аниқланган. 2022 йилда бу рақам 47 365, 2023 йилда 41 866, 2024 йилда эса 31 436 тани ташкил этган.
«Фақат 2024 йилнинг ўзида 8000 га яқин ҳайдовчи аввал шунга ўхшаш қоидабузарлик учун маъмурий жавобгарликка тортилишга қарамай, транспорт воситасини маст ҳолатда қайта бошқарганлиги аниқланган», — деди сенатор.
2020 йилдан 2024 йилгача бўлган даврда транспорт воситасини маст ҳолатда бошқариш натижасида 600 га яқин ЙТҲ содир бўлган, уларда 322 киши ҳалок бўлган.
Ҳозирда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддасига мувофиқ, маст ҳолатда автоулов бошқариш учун 25 та базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) (9,37 млн сўм) миқдорида жарима ва 1,5 йилдан 3 йилгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш жазоси белгиланган.
Сенат тасдиқлаган қонунга мувофиқ, бу жарима 25 та БҲМдан 40 та БҲМга (15 млн сўм) оширилади.
Шунингдек, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар учун ушбу қоидабузарлик содир этилган тақдирда жарима 40 та БҲМдан 50 та БҲМгача (18,75 млн сўм) оширилиб, 15 суткагача маъмурий қамоқ сақланиб қолинади.
Жиноят кодекси 261−1-модда (транспорт воситасини маст ҳолатда бошқариш ёки тиббий текширувдан ўтишдан бош тортиш) билан тўлдирилади. Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун матнига кўра, жиноят таркиби қуйидагича таърифланади:
«Транспорт воситасини ҳайдовчи томонидан алкоголь, наркотик ёки бошқа мастлик ҳолатида, психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ёки онг ва идрокқа таъсир қилувчи бошқа моддалар таъсирида бошқариш, шунингдек, мастлик ҳолатини ёки бундай моддалар мавжудлигини аниқлаш учун тиббий текширувдан ўтишдан бош тортиш, агар бундай ҳаракат маъмурий жазо қўлланилгандан сўнг содир этилган бўлса».
Натижада, транспорт воситасини алкоголь ёки бошқа мастлик ҳолатида қайта бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилади: 3 йилгача муайян ҳуқуқлардан маҳрум қилиш, 2 йилдан 3 йилгача тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Бугунги кунда транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар томонидан ҳайдаш учун 10 та БҲМ (3,75 млн сўм) миқдорида жарима белгиланган.
Шунингдек, Жиноят кодекси 261−2-модда (транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс томонидан бошқариш) билан тўлдирилади. Агар бу ҳаракат маъмурий жазо қўлланилгандан сўнг содир этилган бўлса, унга 50 та БҲМдан 100 та БҲМгача (18,75 млн сўмдан 37,5 млн сўмгача) жарима, 2 йилгача тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси 3-қисми (транспорт воситасини алкоголь, наркотик ёки бошқа мастлик ҳолатида бўлган ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсга топшириш) 140-моддага ўтказилади.
Ҳозирда бу ҳаракат учун 25 та БҲМ миқдорида жарима ва 2 йилдан 3 йилгача транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш белгиланган. Тузатишларга кўра, жарима миқдори 30 та БҲМгача оширилади, қайтарма қоидабузарлик учун эса 50 та БҲМ ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси белгиланади.
Транспорт воситасини алкоголь, наркотик ёки бошқа мастлик ҳолатида бошқариш билан боғлиқ барча моддаларга «психотроп моддалар, уларнинг аналоглари ёки онг ва идрокқа таъсир қилувчи бошқа моддалар» тушунчалари киритилади ва кенгайтирилади.
Қонун имзолаш учун Президентга юборилди.
2022 йилда ЙҲХБ йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жазоларни кучайтиришга оид ўзгартишларни (131-модда) ишлаб чиққан. Жаримани 25 та БҲМдан 50 та БҲМгача ошириш ва ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилишни 5 йилгача узайтириш таклиф қилинган (ҳозир 1,5 йилдан 3 йилгача).
Автоулов ҳайдовчилари ва бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларининг мастлик ҳолатини аниқлаш учун тиббий текширувдан ўтишдан бош тортиши учун (136-модда) 3 йилгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш таклиф қилинган (ҳозир 1,5 йилдан 3 йилгача).
Аммо, мавжуд қонунга кўра, биринчи қоидабузарлик учун эмас, балки қайта содир этилган қоидабузарлик учун жазо кучайтирилади.