
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (БМТТД) Ўзбекистон ФВВ билан ҳамкорликда фавқулодда вазиятларда аҳолини барвақт огоҳлантириш тизимини кенгайтиришга қаратилган янги ечимни жорий этди. Синов ташаббуси доирасида аҳоли пунктлари яқинида жойлашган масжидларнинг овоз кучайтиргичларидан фойдаланилади, деб хабар бермоқда БМТТДнинг Ўзбекистондаги матбуот хизмати.
Бугунги кунда Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги 272 та масжидга тегишли қурилмалар ўрнатилди.
«Масжидларнинг танланиши бежиз эмас: улар анъанавий равишда маҳаллий жамиятга сезиларли таъсир кўрсатадиган нуфузли ижтимоий институтлар сифатида қабул қилинади. Бундан ташқари, масжидлар деярли барча аҳоли пунктларида жойлашган бўлиб, улар 500 метрдан 2000 метргача бўлган масофада эшитилишни таъминлайдиган юқори қувватли ташқи овоз кучайтиргичлар билан жиҳозланган», — дея тушунтириш берди БМТТД.
Лойиҳа ҳисоб-китобларига кўра, масжидлар орқали хабар бериш қарийб 6,5 миллион кишини қамраб олиш имконини беради. Ушбу алоқа каналининг қўшимча афзаллиги сифатида мобил алоқа ва электр таъминотида узилишлар бўлган тақдирда ҳам шошилинч хабарларни узатиш имконияти кўрсатилган.
«Иқлим ўзгариши ва табиий офатлар хавфи ортиб бораётган шароитда аҳолини барвақт огоҳлантириш инсон ҳаётини сақлаб қолиш ва моддий зарарни камайтиришда асосий роль ўйнайди», — дейилади хабарда.
Шунингдек, аҳолини хабардор қилиш учун асосий йўллар бўйида, одамлар гавжум жойларда 28 та ташқи кенг форматли экранлар ўрнатилди.
Ташаббус БМТТД, ФВВ ва Ўзгидрометнинг «Ўзбекистон жамиятларининг иқлим ўзгариши натижасида юзага келадиган хавфли табиий ҳодисаларга чидамлилигини ошириш учун комплекс барвақт огоҳлантириш тизимини такомиллаштириш» қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда. У Яшил иқлим жамғармаси томонидан молиялаштирилади.
Лойиҳа фаолияти мамлакатнинг барвақт огоҳлантириш тизимини модернизация қилиш ва ўзгартиришга қаратилган бўлиб, асосий эътибор Ўзбекистоннинг аҳоли зич жойлашган ва иқтисодий жиҳатдан муҳим тоғли ҳудудларида тошқинлар, селлар, кўчкилар, қор кўчкилари ва гидрологик қурғоқчиликка қаратилади.