
“Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” иқтисодий форуми ва инвесторлар форуми 2025 йил ноябрь ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтади. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Тошкентдаги элчиси Тойво Клаар 12 май куни Европа куни муносабати билан ўтказилган тадбирда маълум қилди.
“Ушбу форумларда янги бизнес имкониятлари очилади”, – деди дипломатик миссия раҳбари.
Икки минтақа ўртасидаги биринчи иқтисодий форум 2021 йилда Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида, иккинчиси эса 2023 йилда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил апрель ойида бўлиб ўтган “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” биринчи саммити доирасида ЕИ Марказий Осиё учун 4 та соҳани ривожлантиришга қаратилган 12 миллиард евролик инвестиция пакетини эълон қилган эди: транспорт коридорлари, муҳим хом ашё, яшил энергетика ва сунъий йўлдош интернети.
Тойво Клаар, шунингдек, ЕИ инсон ҳуқуқлари бўйича навбатдаги мулоқотни интиқлик билан кутаётганини таъкидлади. Ушбу тадбир ҳар йили ўтказилади ва унда қатор масалалар муҳокама қилинади: пенитенциар тизим, қийноқ ва шафқатсиз муносабатни олдини олиш, меҳнат ҳуқуқлари, фуқаролик жамияти, бирлашиш ва тинч йиғилишлар эркинлиги, аёллар ва болалар ҳуқуқлари, фикр, дин ва эътиқод эркинлиги.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилда Брюсселга кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш учун ташрифини ҳам кутмоқда.
“Ушбу тарихий ташриф ЕИ ва Ўзбекистон муносабатларида янги саҳифа очади, бу муносабатлар кўплаб соҳаларда чуқурлашади, диверсификацияланади ва модернизация қилинади”, – деди ўз нутқида ЕИ элчиси.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ янги битим 2025 йилнинг биринчи ярмида имзоланиши мумкинлиги хабар қилинган эди.