Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

Марказий Осиёда минтақавий электр энергияси бозори ишга туширилади

Жаҳон банки Марказий Осиёда биринчи минтақавий электр энергияси бозорини яратишни қўллаб-қувватлайди. 2026 йил 22 январь куни банк 10 йиллик «Марказий Осиёда электр энергияси бозорини ривожлантириш ва энергия тизимларини интеграция қилиш» (REMIT) дастурини тасдиқлади.

Дастур минтақанинг бир-бирини тўлдирувчи энергетика ресурсларидан, жумладан, Қирғизистон ва Тожикистондаги гидроэнергетикадан, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистондаги иссиқлик электр станцияларида электр энергияси ишлаб чиқаришдан, шунингдек, Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида қуёш ва шамол энергетикасининг ўсиб бораётган салоҳиятидан фойдаланишга қаратилган.

«Минтақавий энергетика интеграциясини мустаҳкамлаш янада мувозанатли ва барқарор энергия тизимини яратиш, электр таъминотидаги узилишларни камайтириш ҳамда уй хўжаликлари ва бизнес учун энергия нархини пасайтириш имконини беради», — дейилади хабарда.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, бугунги кунда минтақада электр энергияси савдоси умумий талабнинг 3 фоизини ташкил этади. Қайта тикланувчи энергия манбалари улуши электр энергияси ишлаб чиқаришнинг тахминан 4 фоизига тўғри келади, ваҳоланки минтақа бой ва бир-бирини тўлдирувчи тоза энергия ресурсларига эга бўлиб, улардан ҳалигача тўлиқ фойдаланилмаяпти.

Минтақа иқтисодиётининг ўсиши, аҳоли сонининг кўпайиши, саноатнинг ривожланиши ва шаҳарларнинг кенгайиши билан арзон, ишончли ва барқарор энергияга бўлган эҳтиёж изчил ўсишда давом этади. Жорий тенденциялардан келиб чиқилса, талаб 2050 йилга келиб уч баравар ортиши мумкин.

REMIT дастури электр энергияси савдоси ҳажмини йилига камида 15 минг ГВт/соатгача оширишга ёрдам беради — бу минтақа аҳолисининг йиллик эҳтиёжларини қондириш учун етарли. Шунингдек, у электр узатиш линияларининг ўтказувчанлик қувватини уч баравардан кўпроққа, яъни 16 ГВтгача оширишга, шунингдек, минтақа мамлакатлари энергия тизимларига 9 ГВтгача тоза энергия қувватларини интеграция қилишга хизмат қилади.

Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенҳассиннинг таъкидлашича, янада зичроқ энергетика интеграцияси ва электр энергияси савдосини ривожлантириш 2050 йилга келиб минтақага 15 млрд долларгача иқтисодий фойда келтириши мумкин.

REMIT дастурини молиялаштиришнинг умумий тахминий ҳажми 1,018 млрд долларни ташкил этади ва уни уч босқичда амалга ошириш кўзда тутилган. Ушбу маблағлар минтақавий электр энергияси бозорини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш, минтақавий узатиш инфратузилмасини мустаҳкамлаш, энергия тармоқлари ишончлилигини ошириш учун рақамли тизимларни жорий этиш, шунингдек, энергетика секторида минтақавий институтлар ва мувофиқлаштиришни кучайтиришга йўналтирилади.

Дастур доирасидаги инвестициялар минтақа мамлакатларида ҳам энергетика инфратузилмаси қурилиши соҳасида, ҳам минтақавий бозорни бошқариш соҳасидаги юқори малакали мутахассислар учун янги иш ўринлари яратишга ёрдам беради, дейилади хабарда.

Дастурнинг биринчи босқичи доирасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон, шунингдек, Марказий Осиё давлатларининг «Энергия» мувофиқлаштирувчи-диспетчерлик маркази жами 143,2 млн доллар миқдорида грантлар ва имтиёзли молиялаштириш маблағларини олади. Бу маблағлар Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) ресурсларидан 140 млн долларни ва Марказий Осиё учун сув-энергетика дастурининг (CAWEP, Жаҳон банки томонидан Европа Иттифоқи, Швейцария ва Буюк Британия билан шерикликда бошқарилади) 3,2 млн долларлик грантларини ўз ичига олади.

Биринчи босқич доирасида энергия тармоқларига қарийб 900 МВт янги тоза энергия қувватлари интеграция қилиниши таъминланиши керак, бу эса 700 млн доллар атрофида хусусий инвестицияларни жалб қилиш имконини беради, деб хабар қилди Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги инфратузилма масалалари бўйича директори Чарльз Кормье.

Дастурнинг минтақавий бошқарув қўмитаси таркибига Марказий Осиё мамлакатларининг энергетика вазирликлари ва ижро этувчи агентликлари киради.

Жаҳон банки билан биргаликда минтақада электр энергияси савдоси учун ягона платформани ишга тушириш режалари ҳақида 2024 йил охирида хабар берилган эди.